Зилзиладан кейин 45 дан ортиқ давлат Туркияга ёрдам таклиф қилди
Олам
−
07 Февраль 2023
7556Вайронкор зилзиладан кейин 45 давлат Туркияга ёрдам таклиф қилди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.
Президентга кўра, НАТО ва Европа Иттифоқи ҳам ёрдам таклиф қилган.
Охирги маълумотларга кўра, 5000 дан ортиқ бино вайрон бўлган.
“Афсуски, қурбонлар ва жароҳатланганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда”, дейди Эрдўған мурожаатида.
Туркия Президентининг сўзларига кўра, ҳозирги зилзила мамлакатдаги 1939 йилдан бери содир бўлган энг йирик табиий офатга айланди.
Маҳаллий хавфларни бошқариш агентликлари ҳисоб-китобларига кўра, Туркиядаги зилзиладан кўрилган зарар 15 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Туркияга қутқарувчилар, кинологлар, психологлар, шифокорлар ва инсонпарварлик ёрдамларини жўнатмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги ғамхўр фуқаро фаоллари томонидан ҳам инсонпарварлик ёрдамини йиғиш бошланган.
Тожикистон Туркияга ҳам, Сурияга ҳам таъзия телеграммалари жўнатган, бироқ Душанбедан жабрланган мамлакатларга ёрдам борадими-йўқми ҳали номаълум.
Туркманистон ҳам турк халқи ва Туркия раҳбарига ҳамдардлик билдирган, Ашхободдан қутқарувчилар ва гуманитар ёрдам жўнатилгани ҳам номаълум.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида ва Суриянинг бир қанча вилоятида 7,9 (дастлабки маълумотларда 7,4) магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Кейинроқ Туркияда яна 7,6 магнитудали зилзила юз берди.
Ҳозирги вақтга қадар мамлакатда қурбонлар 3 419 кишини ташкил этмоқда. Яраланганлар эса 20 426 нафарга етган. Қўшни Сурияда эса ҳалок бўлганлар сони 1444 нафарни ташкил этиб, 3530 киши яраланган эди.
LiveБарчаси