Журналистлар “қизил чизиқ”ларни босиб ўтишдан қўрқитилади – Дэниел Розенблюм
Жамият
−
01 Июнь 2022
6454Ўзбекистонда ОАВга оид қонунчиликда жиддий камчиликлар мавжуд. Ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари жуда кўп, журналистлар қандай “қизил чизиқлар”ни босиб ўтмасликни билишади, чунки у чизиқларни кесиб ўтишдан қўрқитилади. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Вебстер университетида бўлиб ўтган журналистлар билан учрашувда сўз очган.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда 2016 йилгача бўлган вазият Президент Мирзиёев даврида ўзгарган.
“Менимча, 2016 йилдан аввал бу ерга келганимда кузатган ва эшитганларим 2016 йилдан кейин мамлакат бўйлаб кўрган, ўқиган ва эшитганларим асосида айтишим мумкинки, ОАВ эркинлиги ва хилма-хиллиги даражаси ва журналистлар учун яратилган муҳит сезиларли даражада яхшилангандир”.
Элчига кўра, 2016 йилдан буён медиа соҳасида кескин ва умуман олганда ижобий ўзгаришлар рўй берган. Журналистлар учун ҳукумат ё жамиятингизда рўй бераётган воқеалар ҳақида хабар бериш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият мавжуд. Бироқ, оммавий ахборот воситаларига оид қонунчиликда жиддий камчиликлар мавжуд ва журналистларнинг ички цензурасига асос бўлмоқда.
“ОАВга оид қонунчиликда жиддий камчиликлар мавжуд. Бу камчиликлар жуда кўп мансабдор шахсларнинг ОАВга муносабатида, журналистлар учун мавжуд бўлган касбий андозалар ва этикада, энг муҳими, журналистларнинг босим ва қўрқитишсиз ишлай олишида, айниқса, кимдир сиёсий жиҳатдан нозик масала деб кўрилган соҳаларда материллар тайёрлаш кабиларда намоён бўлади. Ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари жуда кўп, журналистлар қандай “қизил чизиқлар”ни босиб ўтмасликни билишади, чунки у чизиқларни кесиб ўтишдан қўрқитилади. Мен ўтган йилда ўша камчиликлар янада кескинлашди ва кўзга ташланди, деган бўлардим”, дейди элчи.
Розенблюмнинг фикрича, Ўзбекистоннинг “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Сўз эркинлиги индекси бўйича 2022 йилги рейтингида 180 давлат орасида ўз ўрнини ўтган 2021 йилдагига нисбатан 24 ўринга яхшилаб, 133-ўринга кўтарилиши эркин ва мустақил ОАВ учун шароит яхшилангани ва ё журналист ва блогерларга нисбатан муносабат билан алоқадор эмас. Аксинча, Ўзбекистон аслида паст баҳо олган ва Розенблюм мамлакатда бунга нисбатан муносабат аслига нисбатан бошқача бўлганини кўриб, ҳайратда қолган.
“Мен ва Ўзбекистондаги вазиятни кузатувчи бошқа кўплаб кишилар жаҳон матбуот эркинлиги рейтингидаги хабарни ўқиб, жуда ҳайратда қолдик. Яъни, бу ҳайрат воқеа ортидаги асл воқеа нимада эканини аниқлаштиргунимизча давом этди”, дейди у.
У сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун яратилган имкониятларни ҳам тилга олди.
“Хулоса ўрнида ижобий томонларни таъкидлашни истардим. Мамлакатингизда ОАВ вакиллари учун ҳар қачонгидан ҳам кенгроқ имкониятлар яратилган: ўз ватандошларингизнинг овозини эшитарли қилиб бериш имкони, уларнинг ташвишларини эшитиш имкони. Одамларнинг кундалик ҳаётига тааллуқли қизиқарли ва муҳим масалалар ҳақида ёзиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият мавжуд. Давлат амалдорларини ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият бор. Президент Мирзиёев кўп бор таъкидлаганидек – давлат халққа хизмат қилмоғи керак, аксинча эмас!”, дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
LiveБарчаси