Журналист адвокат ёки депутатлардан кам иш қиляптими? Нега уларда дахлсизлик йўқ? – Қамариддин Шайхов
Жамият
−
10 Июль 2021
4255Журналистнинг дахлсизлиги таъминланмас экан, уни коррупция билан айблаш ёки бошқа турдаги туҳмат қилиш енгил бўлган жиноий жавобгарликларга тортиш жуда ҳам осон. Журналист ўзининг хавфсизлигини сезмагунича, ички цензура билан яшашда давом этади, долзарб муаммоларни олиб чиқа олмайди, оқибатда сўз ва матбуот эркинлиги хаёллигича қолаверади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов кеча, 9 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси биринчи йиғилишида сўз очди.
Журналистлар дахлсизлиги масаласида сўз юритаркан экан, QALAMPIR.UZ раҳбари, қонунда журналист бошқалар каби шахсий дахлсизлик ҳуқуқидай фойдаланиш имкони борлиги, аммо бу бугунги ОАВ олдига қўйилган вазифалар учун камлигини урғулади.
“Бугун жуда долзарб масалалар ҳақида гаплашяпмиз. Булар ҳақида гапириш ва ёзиш учун журналистнинг отнинг касалласидек юраги бўлиши керак. Айтайлик, коррупция масала унча-бунча амалдорларни чўчитади. Бугун бундай масалаларни кўтараётган журналистларнинг дахлсизлиги борми? Қонунга кўра, журналист бошқа фуқаролар каби шахсий дахлсизлик ҳуқуқларидан фойдаланишга ҳақли. Тамом! Биз, журналистлар адвокатлардан кам иш қиляпмизми? Ёки депутатлардан кам фойда келтиряпмизми? Ҳолбуки, журналистни бугун туҳмат билан жиноий жавобгарликка тортиш осон бўлган даврда яшаяпмиз. Ва журналистлар қачон қайси ташкилотларга чақирилаётганини ҳам жуда яхши биламиз”, дейди Қамариддин Шайхов.
QALAMPIR.UZ раҳбари журналистларга дахлсизлик ҳуқуқини бериш ва олиш шунчаки қайси идоралар қошидаги ташкилотлар томонидан эмас, балки Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси қарори билан амалга оширилиши кераклигини илгари сурди.
“Агар бугун журналистлар дахлсизлиги муҳим масала сифатида кўриб чиқилмас экан, журналистларга дахлсизлик бериш масаласи ҳал қилинмас, берилганда ҳам буни фақат Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси орқали амалга оширилишини ҳал этмас эканмиз, натижа бўлмайди. Ва журналистлар ички цензорини кучайтириб яшашда давом этади. Дахлсизлик масаласи ҳал этилмагунча, очиқлик ва ошкораликда янги босқичга кўтарила олмаймиз, сўз ва матбуот эркинлиги ҳам хаёлларда қолаверади”, дейди Шайхов.
LiveБарчаси