Журналист дахлсизлиги таъминланмас экан сўз ва матбуот эркинлиги хаёлларда қолаверади
Таҳлил
−
27 Июнь 2021
12859Ҳозиргина 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбиридан қайтдим. Тадбирда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг ОАВ ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Кутилган таклиф давлат раҳбари табригидан ўрин олган эди.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаларни кучайтириш лозим”, дейилади Президент Мирзиёев табригида.
Аслида Президент бундан олдинги табрик ва нутқларда ҳам оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига доир ҳуқуқий ҳужжатларни ислоҳ қилиш масаласига эътибор қаратган. Аммо бугунги ўтиш даврида ушбу масала ғоят долзарбдир. Шунингдек, давлат раҳбари ўз табригида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси олдига бир қатор вазифаларни қўйган.
Ўтган йилларда узун ва ширин уйқуга кетган Журналистлар ижодий уюшмасига куни кеча янги раис тайинланди. Янги раис Олимжон Ўсаровни таниганлар уни нафақат қалами ўткир муаллиф, балки ўз ҳуқуқлари учун кураша оладиган журналист сифатида биладилар. Унинг бу лавозимда иш бошлаши, йирик оммавий ахборот воситаларига, жумладан QALAMPIR.UZ таҳририятига ташриф буюриши, уюшмада аллақачон тарихга кўмилган аъзоликни қайта тиклаши журналистлар ва оммавий ахборот воситаларида “Журналистлар ижодий уюшмаси уйғонди, уйғонганда ҳам тиниқиб, куч тўплаб майдонга кириб боряпти, энди унга ишонса бўлар-а”, деган умид учқунларини пайдо қилмоқда. Бу учқун эрта ё индин яна сўниши, ё оловга айланиши ҳеч гап эмас. Агар бугун журналистлар кутаётган асосий муаммоларни ҳал этишда уюшма жонбозлик кўрсатмаса, бу умид учқуни сўнганча, қайтиб чақнамайди.
Бугун Ўзбекистонда айрим амалдорлар таъбири билан айтганда “тили чиққан” журналистлар билан бир қаторда, ички цензурасини енголмаётган, ташқи босимларга учраётган, тазйиқ ва таҳдидлар сабаб ўз хизмат вазифасини бажаришдан чўчиётган журналистлар талайгина. Агар бугун биз эндигина куртак отаётган бу журналистларни турли ташкилотлар босими, туҳмат ва тазйиқ, “компромат”лардан ҳимоя қилолмасак, навбатдаги журналистлар армиясини бой бериб қўямиз. Яна мамлакатда артистларнинг нима еганию нима ичганини ёзадиган “журналист”лар сони ортади. Янги дейилаётган Ўзбекистон эски муаммоларни бартараф этолмайди. Мамлакат коррупция ботқоғига ботади, одамлар ўзгаришга ҳам, ислоҳотга ҳам ишонмай қолади. Оқибатда 5 йил давомида қилинган шунча меҳнат увол бўлади.
Бугун журналистни танқидий материали учун у ё бу модда билан, туҳмат асносида ёки автомобили, сумкасига бирор нарса ташлаб қўйиш орқали айблаш эҳтимоли жуда юқори. Бундан қўрққан журналистлар ҳам оч қорним, тинч қулоғим қабилида иш тутишга ўтиб оляпти. Сўз эркинлигидан шаллақилик билан эмас, балки барча омилларни тўғри кўрсатган ҳолда, оғир ва вазмин фойдаланишга эндигина ўрганган жамият яна йўқотилиш хавфи остида.
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси журналистлар, таҳририятлар эртанги кунга қанчалик ишоняпти, деган саволни кўндаланг қўйиши зарур. Ишонмаган, ишонтиролмайди. Ўқимаган, ўқитолмайди. Ҳақиқатни гапирмагандан кейин, унга қарашдан ҳам уяладиган бўлиб қолади.
Тўғри, сўнгги йилларда Ўзбекистон янги уйғониш даврини бошдан кечиряпти. Соҳаларда туб ўзгаришлар бўляпти. ОАВда туб бўлмаса-да кутилган ўзгаришлар бўлди. Бугун одамларнинг у ёки бу оммавий ахборот воситасини танлаш имконияти ортган ва бу рақобатнинг ривожланишига хизмат қилмоқда. Энди жамиятни телевидение орқали узатилаётган “жаннатдан хабарлар” билан алдаб бўлмай қолди. Бу эса журналистларга ҳам, оммавий ахборот воситаларига ҳам ўз устида тинимсиз ишлаш, бозорда яшаб қолиш мажбуриятини юклайди. Бироқ, айрим оммавий ахборот воситалари ва журналистлар эскилик сарқити бўлган ички ва ташқи цензура, босим ва аралашувлардан бугунги ўзгаришлар нафасини тўлиқ ҳис этмаяпти, десак хато бўлмайди.
Дунёнинг барча мамлакатларида сўз эркинлигининг бошланғич даврлари оғриқли кечган. Жумладан Ўзбекистонда ҳам журналистларнинг қаддини ва қадрини тиклаши, сўз эркинлиги ҳуқуқларидан фойдаланиши айримларга ёқмаслиги ҳам кузатилади. Бироқ, бу қайтилмайди дейилган ислоҳотлардан ортга қайтиш, журналистларнинг йўлини тўсиш, бўғзидан олиш, тилини боғлаш, қайтмаймиз дейиш билан орқага ҳам, олдинга ҳам юрмаймиз, дейишга асос бўлмаслиги керак. Бугун илгари сурилаётган Янги Ўзбекистон ғояси агар эски одатлар ва эскича қарашлар билан қурилса, унинг янгилиги қоладими?
Шу боис журналистларнинг дахлсизлик ҳуқуқи масаласини кўриб чиқиш долзарб бўлиб бормоқда. Бунда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасига аъзо ёки АОКАдан расмий рўйхатдан ўтган бирор таҳририят ходими сифатида фаолият юритаётган, қолаверса Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтган хорижлик журналистларни ҳуқуқ-тартибот органларига асоссиз чақириш амалиётига буткул нуқта қўйиш вақти келди. Нима учун бундай ваколат фақат депутатларда ёки адвокатларда бўлиши керак? Тўғри, депутатларни халқ сайлайди, улар кенгашларда ва Олий Мажлисда халқнинг манфаатларини ҳимоя қилар, адвокатлар эса инсон ҳуқуқлари учун майдонга чиқар. Лекин, тўртинча ҳокимият бўлган журналистлар-чи? Улар адвокатларчалик хизмат қилмайдими, давлат ва жамиятга наф келтирмайдими? Давлат ва жамиятни боғлаб турган журналистларда нима учун дахлсизлик ҳуқуқи йўқ?
“Бор, қонунни очиб ўқи”, дерсиз. 1997 йилда қабул қилинган “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 8-моддасида “Журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди”, деб ёзиб қўйилган. Бироқ, бу қонун охирги марта қачон ишлади? Журналистни шунчаки туҳмат билан айблаш осон бўлган бугунги даврда ушбу модда аллақачон маънан эскирмадими? Қолаверса, моддада журналистнинг профессионал касб дахлсизлиги эмас, балки бошқалар қатори шахсга оид дахлсизликлардан фойдаланиш ҳуқуқи борлиги ҳақида сўз боради. Бу ўзингни ўзинг ҳимоя қилиб ол, дегандек гап.
Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритган ҳолда, адвокатларга дахлсизлик борасида берилган “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан берилган ваколатлар журналистларга ҳам берилишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан:
• журналистнинг шахси дахлсиз. Журналистнинг дахлсизлиги унинг уй-жойига, хизмат хонасига, фойдаланишидаги транспорти ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқли бўлиши;
• журналистнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, журналистни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш суд қарори асосида амалга оширилиши;
• Жиноят-процессуал кодекси келтирилган шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига олиб келиш ва Жиноят-процессуал кодексининг 315-, 226-моддаларида келтирилган шахсни ушлаб туришга доир нормалар журналистларга нисбатан тадбиқ этилмаслиги
Журналистнинг мақоласи бўйича суриштирув органи, терговчи, прокурор таҳририятга тақдимнома киритиши, шунингдек суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас.
Журналистни жамиятнинг фикрларини умумлаштирган ҳолатда тақдим этган шахсий муносабатлари учун жиноий, моддий ва бошқа жавобгарликка тортиш ёки унга шундай жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиш мумкин эмас.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар талабига кўра, маълум бир журналистнинг дахлсизлигини олиб ташлаш масаласи бўйича қарор фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг куни кеча ташкил этилган Aхборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида қабул қилиниши керак.
Журналистга нисбатан жиноят иши тегишли қўмитанинг журналистнинг дахлсизлиги масаласи ҳал қилингандан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши керак.
Шунингдек, журналистга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тегишли қўмитанинг журналистнинг дахлсизлиги масаласи ҳал қилингандан кейин прокурор илтимосномасига кўра, суд қарори билан амалга оширилиши керак.
Қолаверса, мамлакатда медиа-адвокатурани ҳам ривожлантириш, соҳа бўйича ишлайдиган адвокатларни кўпайтириш ва рағбатлантириш вақти келди. Бугун медиа соҳасини тушунадиган, журналистларнинг ёзганларини эскилик сарқитига айланган айрим моддалар ва айбловлардан ҳимоя қила оладиган адвокатлар бармоқ билан санарли. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилганда умидлар катта эди. Фонд медиа-адвокатурани ривожлантириш режасини тақдим этганди. Бироқ, ғоялар амалга ошмай қолди.
Хўш, шу ўринда юқоридагиларда ўзини журналист атаган ҳамма фойдаланиши мумкинми, деган савол туғилиши табиий. Боз устига “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида журналистга нисбатан ҳамин қадар таъриф берилган бўлиб, у у қадар катта ҳуқуқий аҳамиятга эга эмасдир. Қонуннинг 3-моддасида шундай дейилган:
“Журналист — Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатнинг оммавий ахборот воситаларида хизмат қиладиган ёхуд уларда шартнома асосида ишлайдиган ва маълум мавзудаги ахборотни тўплаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланувчи шахсдир”.
Бизнингча, бугун журналистларнинг мақоми ва таклиф этилаётган ҳуқуқ ва ваколатлардан фойдаланиш механизмларини аниқ белгилаб олиш вақти келди. Юқорида билдирилган таклифлар агар қонуний кучга эга бўлса, ундан фақат Журналистлар ижодий уюшмасига аъзо мустақил журналистлар, Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтган журналистлар ёки маълум таҳририятларда фаолият юритаётган журналистлар фойдаланиши жамиятда журналист номини булғаш орқали жиноятга қўл уриш ва ваколатлардан шахсий манфаати йўлида фойдаланиш имкониятларини чеклайди.
QALAMPIR.UZ доимий равишда фаолияти ОАВ билан алоқадор бўлган барча ташкилотларга соҳада амалга оширилиши керак бўлган туб ислоҳотлар ва бугун журналистларни қийнаётган муаммолар юзасидан ўз таклифларини бериб келган. Бу сафар ҳам таклифлар рўёбга чиқишидан умидвормиз. Бугун журналистларга қанча табрик айтилмасин, қанча алқанмасин, муаммоларнинг ечими устида ишланмаса, матбуотнинг эркинлигидан умид қилиш ўринсиз бўлиб қолаверади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь