ЖССТ ифторликда нима ейиш фойдали эканини маълум қилди
Саломатлик
−
03 Апрель 2022
34950Ифторлик пайтида соғлом ва меъёрида овқатланиб, қувватни тўлдириб олиш муҳим. Рўзани учта хурмо ёки сув билан очиш ифторликни бошлашнинг анъанавий ва соғлом йўлидир. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Рамазон ойида соғлом овқатланиш бўйича эълон қилинган тавсияларда айтилган.
Таъкидланишича, хурмо одам танасидаги кўплаб аъзоларнинг тўғри фаолият кўрсатишини таъминлайдиган клетчаткага бой озуқа.
АҚШдаги Cornell University мутахассисларининг ёзишича, овқатланишдан олдин сув ичиш танани суюқлик билан озиқлантиришнинг энг яхши йўлидир.
“Лекин рўзани очибоқ бирданига кўп сув ичиб юбормаслик лозим. Бу саломатлик учун хавфли ҳисобланган сув интоксикациясига олиб келиши мумкин”, дейилган хабарда.
Қайд этилишича, организмни муҳим витаминлар ва озуқа моддалари билан таъминлаш учун ифторлик таомномасига кўплаб сабзавотларни қўшган афзал. Шунингдек, организмни қувват ва клетчатка билан таъминлайдиган донли (янчилмаган ва тозаланмаган) маҳсулотларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Печда ёки гриллда пиширилган ёғсиз гўшт, терисиз товуқ ва балиқ тановул қилиш орқали организмни соғлом оқсиллар билан бойитиш мумкинлиги ҳам айтилган.
“Умуман олганда, ёғ ва шакарга бой, қовурилган ҳамда қайта ишланган маҳсулотлардан тийилиш керак. Ифторликдан сўнг кўп ширинлик ейиш тавсия этилмайди. Бунинг ўрнига, сувга бой мавсумий мевалар, жумладан, олма истеъмол қилиш фойдали”, дейилган хабарда.
Ифторлик учун ЖССТ тавсиялари:
• уйда пиширилган сабзавотли шўрва;
• сабзавот ва кўкатлардан тайёрланган салат;
• қийма қўшилган сабзавотли таомлар (қовоқ, бақлажон, ток баргига ўралган дўлма);
• печда пиширилган товуқ.
Қайд этилишича, кўп миқдорда сув ичиш, таъмни яхшилаш учун таомга лимон бўлаклари ва ялпиз қўшиш мумкин.
LiveБарчаси