ЖССТ дунёда янги пандемия тарқалишидан огоҳлантирди
Олам
−
15 Январь
10765Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форумида коронавирусдан 20 баравар кўпроқ ҳалокатли бўлиши кутилаётган номаълум касаллик билан қандай курашиш муҳокама қилинади. Форум жадвалида тегишли учрашув 17 январь кунига белгиланган.
"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти номаълум "Х" касаллиги коронавирус пандемиясидан 20 баравар кўпроқ ўлимга олиб келишидан огоҳлантирди. Бу билан соғлиқни сақлаш тизимини олдинда турган кўплаб қийинчиликларга тайёрлаш учун қандай янги чоралар зарурлиги муҳокама қилинади", дейилади учрашув тавсифида.
ЖССТ маълумотларига кўра, шу пайтгача дунё бўйлаб 6,9 миллиондан ортиқ одам коронавирусдан вафот этган.
Давосдаги йиғилишда ЖССТ Бош директори Тедрос Гебреисус, Бразилия Соғлиқни сақлаш вазири Нисия Триндаде, коронавирусга қарши вакциналардан бирини ишлаб чиққан Британия-Швеция фармацевтика компанияси AstraZeneca’нинг ижрочи директори Мишель Демаре, Голландиядаги Royal Philips технология корпорацияси президенти ва бош директори Рой Жейкобс иштирок этади.
Қайд этиш жоизки, ЖССТ раҳбари 2023 йилнинг май ойидаёқ барча мамлакатлардан юзага келиши мумкин бўлган янги пандемияга тайёргарлик кўришни сўраган. Бир неча ҳафта олдин ЖССТ COVID-19 туфайли глобал соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолатини расман бекор қилди. Бироқ, Гебреисус дунёни янада хавфли инфекцияларга дучор бўлишдан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, коронавирус “сайёрадаги деярли ҳар бир инсон” касалликдан яхшироқ ҳимояга муҳтожлигини кўрсатган.
“Агар биз киритилиши керак бўлган ўзгаришларни амалга оширмасак, ким қилади? Биз уларни ҳозир бажармасак, қачон қиламиз? Кейинги пандемия келганидами? Жаҳон ҳамжамияти бундай хавфга қатъий, биргаликда ва адолатли жавоб беришга тайёр бўлиши керак ", дейди бош директор.
ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, пандемияга қарши кураш дунёни оммавий касалликларга шунчалик заиф қилиб қўйган "ваҳима ва эътиборсизликни" эмас, балки халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Маълумот учун, 2023 йилнинг баҳорида ЖССТ эпидемиологи Ричард Пибоди парранда гриппи пандемияси эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. У гриппнинг одамларга юқиши мумкинлигига олдиндан тайёргарлик кўришга чақирган.
LiveБарчаси