Жорж Бушга суиқасд тайёрлаган шахс ушланди 

Олам

image

АҚШ Федерал қидирув бюроси мамлакатнинг собиқ Президенти кичик Жорж Бушга тайёрланган суиқасднинг олдини олди. АҚШ расмийлари WhatsApp’да суиқасд ташкилотчиси деб тахмин қилинган шахснинг ёзишмаларини кузатган. Бу ҳақда “Forbes” хабар берган.  

Нашр томонидан олинган маълумотларга кўра, суиқасдни Огайо штатида яшовчи ироқлик, катта эҳтимол билан ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадор бўлган шахс режалаштирган. Қайд этилишича, у АҚШга 2020 йилда келган. 

Нашр унинг исмини сир тутган. У ҳозир ҳибсга олинган ёки олинмагани ҳақида маълумот йўқ, ҳозирча унга нисбатан расмий айбловлар қўйилмаган. 

Таъкидланишича, гумонланувчи суиқасд уюштиришни 2021 йилдан бери режалаштирган. Бунинг учун у Далласга (Техас) Бушнинг уйини видеога олиш учун борган, шунингдек, собиқ Президентга суиқасд уюштиришда иштирок этиш учун ватандошларини АҚШга олиб келишга ҳаракат қилган. 

Нашрнинг ёзишича, Федерал қидирув бюроси ишончли маълумот берувчилар орқали, шунингдек, WhatsApp иловасида гумонланувчининг ёзишмаларини кузатиш натижасида бўлажак суиқасд ҳақида маълумот олган. 

Гумонланувчи Бушга суиқасд тайёрлаганига иқрор бўлган. Таъкидланишича, у Бушни 2003 йилда АҚШ ҳарбий босқинидан кейин кўп сонли ироқликларнинг ўлдирилиши ва мамлакатнинг бўлиниши учун жавобгар деб ҳисоблайди. 

“Гумонланувчи WhatsApp’даги аккаунти хавфсиз эканлигига ишончи комил бўлиб, терговчилар унинг махфий манбаларга юборган ҳар бир хабарини кўриб туришини билмаган”, деб ёзади газета.


Мақола муаллифи

Теглар

Жорж Буш

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг