Жиззахда марихуанна етиштираётган қатор шахслар қўлга олинди

Жамият 4135
image

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоятда ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Қорадори - 2020” тадбирлари ўтказилмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Зарбдор туманининг Ойбек маҳалласида яшовчи, 1955 йилда туғилган фуқаронинг томорқасида 561 туп марихуана етиштирилаётганлиги аниқланган. Ушбу фуқарога тегишли қўшимча иншоот текширилганида 292 грамм қуритилган марихуана ва унинг 271 уруғлари олинган.

Бундан ташқари, вилоятнинг Бахмал тумани, “Нурафшон” маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган шахснинг турар жойида иккита полиэтилен идишда 85,52 грамм кўкнори гиёҳвандлик воситаси сақлаётганлиги аён бўлган. Янгиобод тумани, Янгиобод шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1968 йил туғилган шахс эса ҳовлисидаги экинлари орасига 83 туп кўкнорини парваришлаб келган. Мазкур шахснинг ҳаммомидан 116 грамм кўкнор гиёҳвандлик моддаси топилди.

Ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоятнинг чўл туманларида эса фермер хўжаликлари далаларида қаровсиз ҳолда ўсаётган марихуанна гиёҳвандлик моддалари аниқланган. Хусусан, Дўстлик тумани, Қосим Раҳимов номидаги сув истеъмолчилар уюшмаси таркибидаги фермер хўжалиги даласида 5 метр квадрат ерда 600 туп, Арнасой туманида Бухоро сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги фермер хўжалиги экин майдонида 35 туп, Зафаробод туманидаги Зафаробод сув истеъмолчилари уюшмаси таркибидаги фермер хўжалиги даласида 20 туп марихуана йўқ қилинган.

Маълумотларга кўра, вилоятда содир этилган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг 9 таси наркотик моддаларни ўтказиш, 18 таси гиёҳванд моддаларни сақлаш, 11 таси гиёҳванд экинларни экиш билан боғлиқ.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 100
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×