Жиззахда ҳокимларнинг рақобатга зид қарорлари бекор қилинди
Жамият
−
11 Июль
4205Жиззах вилоятидаги айрим туман ҳокимларининг қарорларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, қўмита томонидан Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йилнинг биринчи ярми мобайнида 10 та туман ҳокимликлари ва 9 нафар маҳаллий давлат бошқаруви органларида “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талаблари ижроси юзасидан 2 297 та қарор, 1 662 та Фармойиш, 148 та ички йиғилиш баёнлари, 1 750 та буйруқ, 31 577 та чиқим хатлар ва 1 491 та бошқа, жами 38 925 та ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар хатловдан ўтказилган.
Шундан жами 124 та, яъни 78 та қарор, 32 та фармойиш, 14 та чиқим хатларни қабул қилишда Қонун талаблари бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
Маълум қилинишича,
- Бахмал туман ҳокимининг 2023 йил 31 майдаги фармойишига асосан “20 минг тадбиркор-500 минг малакали мутахассис” дастурини ташкил этиш бўйича туман ишчи гуруҳи таркибига АТ “Агробанк” ва АТ “Халқ банки” бошқарувчилари, “Микрокредитбанк” ва “Туронбанк” Бахмал БХМ раҳбарлари ҳамда “Ўзагросуғурта” туман бўлими раҳбари киритилган;
- Дўстлик туман ҳокимининг 2023 йил 28 декабрдаги қарорига асосан туман ҳудудидаги транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия таркибига тадбиркорлик субъекти раҳбарлари, яъни “Жаҳонгир Камолтранс авто” хусусий фирмаси раҳбари, “Тохирбек Сервис” МЧЖ ишлаб чиқариш техника бўлими муҳандиси ва “Али-Оил” кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари киритилган бўлиб, айнан юқоридаги хўжалик юритувчи субъектларнинг бино-иншоотлари танланган;
- Зафаробод туман ҳокимининг 2023 йил 14 июндаги хатига асосан Жиззах вилояти ҳокимига 2023 йил манзилли дастурга киритилган объектлар қурилишига “Имронбек-Имона” МЧЖ ни бош пудратчи этиш тавсия қилинган;
- Мирзачўл туман ҳокимининг 2023 йил 10 мартдаги қарорига асосан Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссияси таркибига “Мирзачўлтранс” МЧЖ директори ҳамда “Умид” тезкор таъмир МЧЖ катта устаси киритилган бўлиб, Техник кўрикдан ўтказиш жойи сифатида 33 та ҳолатда “Умид” автотехсервис МЧЖ биноси танланган;
- Фориш туман ҳокимининг 2023 йил 20 январдаги қарорига асосан транспорт воситаларини йиллик Давлат техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссияси таркибига “Ўзбекинвест” суғурта компанияси АЖ менежери ва АТ “Халқбанки” Фориш туман бўлими бошқарувчилари киритилган;
- Шунингдек, 7 та, яъни Зарбдор, Дўстлик, Арнасой, Мирзачўл, Янгиобод, Фориш ва Бахмал туман ҳокимликларига Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги №694-сонли қарорига асосан қонун бузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан тақдимномалар киритилган.
Қайд этилишича, иш юритувга олинган ишлар сони 4 тани ташкил этиб, Ғаллаорол, Пахтакор, Зафаробод туман ҳокимликлари ҳамда вилоят Маданият бошқармасига Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги № 225-сонли қарори ва тасдиқланган Низомга асосан Иш қўзғатилди ва ҳудудий махсус комиссиянинг қарорига асосан кўрсатмалар юборилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Минерал ўғитлар бозорида нархларни асоссиз ошириш ҳолати бўйича “Махам-Чирчиқ” АЖга нисбатан иш қўзғатилганди.
LiveБарчаси