Ўғит нархларининг асоссиз оширилиши бўйича “Maxam-Chirchiq” АЖга нисбатан иш қўзғатилди
3-саҳифа
−
08 Июль
3577Минерал ўғитлар бозорида нархларни асоссиз ошириш ҳолати бўйича “Maxam-Chirchiq” АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, қўмита томонидан “Maxam-Chirchiq” АЖда ишлаб чиқарилган минерал ўғит маҳсулот нархларини шакллантиришда амалдаги норматив ҳужжатларга риоя этилмаганлиги оқибатида маҳсулот нархларини асоссиз ошишига олиб келган ҳаракатларнинг аломатлари аниқланган. Бу эса минерал ўғит маҳсулотлари нархлари ўртача 10 фоиздан 15 фоизгача ошишига сабаб бўлган.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан “Maxam-Chirchiq” АЖга нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилди.
“Шунингдек, ушбу омил қишлоқ хўжалиги корхоналари (кластер, фермер, деҳқон ва бошқалар)га бевосита таъсир қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари ошишига олиб келиши мумкин. Қўзғатилган иш ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг қўшимча ахборот берилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd” компаниясининг биржа савдолари орқали техник олтингугурт маҳсулотини реализация қилишда, шу жумладан биржа савдоларида маҳсулот ҳажмларини номувофиқ қўйиш каби манипуляция ҳолатлари орқали маҳсулот нархларини ошишига олиб келган ҳаракатларнинг аломатлари аниқланган ва бунинг ортидан иш қўзғатилганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси