Жиззахда заҳарланган болаларнинг 6 нафари шифохонада қолмоқда
3-саҳифа
−
10 Октябрь 1733 1 дақиқа
Аввалроқ, Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган 4 та мактабгача таълим муассасаларида 37 бола оммавий равишда овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди. Айни дамда уларнинг 6 нафари шифохонада қолмоқда. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳудуддаги бир неча мактабгача таълим ташкилотларидан мурожаат қилган 37 нафар тарбияланувчиларга амбулатор ёрдам берилган. Ҳозирда 6 нафар болага шифохонада биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
“Ҳолат Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассислари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан назоратга олинган”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан тез орада батафсил маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу болалар тана ҳарорати кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиши ва ҳолсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган. Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирув давомида мурожаат қилиб келган болалар 8 октябрь куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, пишлоқ ва сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилгани аниқланиб, уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида “ўткир диарея” ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган.