Жиззахда прокуратура ходими ва ҳокимлик юрисконсульти қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
16 Май 2023
17301Жиззахда вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори тадбиркордан 1300 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди. Шунингдек, вилоятдаги туман ҳокимликларидан бирининг юрисконсульти фермер хўжалиги раҳбаридан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиззах шаҳрида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида 2020 йилда банкдан 200 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олган ва ушбу маблағ ҳисобидан қорамол сотиб олиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.
Бироқ жорий йилнинг февраль ойида кредит берган банк тадбиркор томонидан кредит маблағи мақсадсиз сарфланган деган хулоса билан вилоят прокуратурасига чора кўриш учун мурожаат қилган.
Ўз навбатида, ўрганиб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун мазкур мурожаат Жиззах шаҳар прокуратурасига юборилиб, унинг назорати вилоят прокуратураси бўлим прокурорига юклатилган. Мурожаатни ўрганиб чиққан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Лекин вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори эса гўёки унинг ўзи тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этганлигини иддао қилиб, “хизмати” эвазига ундан 1300 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятидаги туман ҳокимликларидан бирининг юрисконсульти хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, ўз ваколатига кирмаслигини била туриб, чорвачилик ва балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг бошқаруви бўйича юзага келган муаммони танишлари орқали мазкур хўжаликнинг қонуний раҳбари фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Таъкидланишича, у муқаддам Жиноят кодексининг 210-моддаси билан судланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь