Жиззахда 19 ёшли йигит тақиқланган диний материални тарқатгани учун судланди
3-саҳифа
−
22 Май 2023
8906Жиззахда 19 ёшли йигит тақиқланган диний мазмундаги материални Telegram орқали тарқатгани учун айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, судланувчи ўзининг Redmi 9 русумли телефони орқали 2020 йилнинг март ойидан буён мунтазам равишда Telegram ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган турли ақидапарастлик ғоялари йўғрилган маълумотлар билан танишиб борган. Шундан сўнг 58 нафарга яқин танишлари ва бошқа шахсларни ўзининг Telegram каналига қўшиб, унга диний мазмундаги материалларни жойлаштириб, муҳокама қилиб келган.
Ҳукм ўқилишида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмагани ҳамда судланувчининг оилавий ҳолати инобатга олинган.
“Суд мажлисида сўроқ қилинганида судланувчи пушаймонлиги, бу нарсанинг (тақиқланган диний материал) мазмунига тушунмагани, билими етмаганини маълум қилди. Шунингдек, унинг оилавий шароити, муқаддам судланмагани, қолаверса, маҳалласидан кафолат хати билан мурожаат қилингани инобатга олиниб, унга озодликни чеклаш жазоси тайинланди”, дейди судья Ирода Муҳаммедова.
Йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш)да назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида Telegram’даги гуруҳга нашид тарқатган 20 ёшли йигит 3 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Айбланувчи Ж.У.га тегишли бўлган iPhone-X русумли мобил алоқа воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда у ўзи фойдаланаётган телефон рақамига очилган Телеграм профили ёрдамида ўзбек тилидаги “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли “жиҳод” ва “ҳижрат”га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидларни 10 нафар аъзоси бўлган “Алҳамдулиллаҳ” номли гуруҳга тарқатганлиги аниқланган.
Шу йилнинг 8 май куни чиққан ҳукмга кўра, Ж.У. Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь