Жиззахда “Ҳудудгаз” ходими 6 минг доллар пора олди
3-саҳифа
−
03 Ноябрь 5411 2 дақиқа
Жиззах вилоятида “Ҳудудгаз” ходими 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали етакчи мутахассиси Жиззах шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖда ўтказилган текширувда носоз газ ҳисоблаш ускунасидан фойдаланилганлигини аниқлаб, бу бўйича тегишли далолатнома тузади. Афсуски, у ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, тузилган далолатномани бекор қилиш ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах шаҳар бўлими томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув бўйича жиноят иши қўзғатмаслик масаласини ҳал қилиб бериш эвазига МЧЖ вакилидан 6 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, ушбу “етакчи мутахассис” сўралган пул маблағини “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали биноси олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ўтказилган лаборатория текшируви натижасига кўра, газ ҳисоблагич ташқи таъсир кўрсатилмаган ҳолда носоз ҳолатга келгани аниқланган. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари доирасида етакчи мутахассисни ИЖҚКД Жиззах шаҳар бўлимидаги “таниши”нинг шахсига аниқлик киритилиб, ҳозирда унга нисбатан ҳам хизмат текшируви тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятида адвокат жиноят ишини гумонланувчи фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига ундан 5500 доллар талаб қилганди.
Live
Барчаси