Жиноятчилар 26 ёшли футболчини отиб ўлдирди

Спорт

image

Футбол бўйича Панама терма жамоаси ҳимоячиси Жилберто Эрнандес жорий йилнинг 3 сентябрь куни Колон шаҳрида юз берган отишма оқибатида вафот этди. Бу ҳақда мамлакат футбол лигаси хабар берди

“Панама футбол лигаси “Атлетико Индепендьенте” клуби ўйинчиси Жилберто Эрнандеснинг Колон шаҳрида содир бўлган якка тартибдаги зўравонлик ҳаракати оқибатида ҳалок бўлганидан қаттиқ афсусда”, дейилади лига хабарида.

Полиция маълумотларига кўра, икки нафар қуролланган шахс такси ичидан туриб, одамларга қарата ўт очган, бу вақтда Эрнандес дўстлари билан Колон марказидаги кўчада кетаётган бўлган. Ҳужум оқибатида футболчидан ташқари яна етти киши турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. 

Кеча, 4 сентябрь куни эълон қилинган баёнотда, маҳаллий полиция мазкур жиноятда гумон қилинган шахслар ушланганини расман эълон қилган. Бироқ отишмада Эрнандес асосий нишон бўлгани ёки йўқлиги ҳақидаги тафсилотлар очиқланмаган. 

Маълумот учун, Жилберто Эрнандес “Атлетико Индепендьенте” клуби футболчиси бўлиб, у жорий йилнинг март ойида Панама терма жамоасида дебют қилган. Футболчи бахтсиз ҳодисага қадар жамоа билан иккита халқаро ўйинда майдонга тушган. Унинг клубдаги сўнгги ўйини 23 август куни, Марказий Америка кубоги доирасида “Реал Эстели”га қарши кечган. Мазкур учрашувда Жилбертонинг жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июль куни “Депортиво Рио Каньяс” жамоасининг 29 ёшли футболчиси Хесус Алберто Лопес салқинланиш мақсадида Гуанакасте вилоятидан оқиб ўтувчи Каньяс дарёсига тушганида тимсоҳ еб қўйган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

отишма Панама Гилберто Эрнандес

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг