Жиноий жавобгарликка тортиш керак – “Адолат”чи таклифи
Жамият
−
11 Сентябрь 2019
20008Хабарингиз бор, кеча, 10 сентябрь куни ижтимоий тармоқлар ва расмий ОАВда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси-муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Орадан 30 дақиқа ўтар-ўтмас бу хабарлар исботини топмади. Бироқ, ўша заҳоти Мусулмонлар идораси раддий бергани йўқ. Аксинча, бир неча соат ўтиб, таъбир жоиз бўлса аланга ўчиб бўлгач, Алимов ўз ўрнида фаолиятини давом эттираётганини айтиб чиқди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов Усмонхон Алимов ҳақида тарқалган хабарлар унга нисбатан қасддан уюштирилганини иддао қилмоқда. У ЎзАда эълон қилинган мақоласида шундай дейди:
“Демак, кимдир қасддан бу ёлғон ахборотни қонун ҳужжатларига зид равишда тарқатган ва пировардида халқимиз, қўшни мамлакатлар ва бутун мусулмон олами ўртасида нафақат Усмонхон Алимовнинг шаъни, қадр-қимматига мамлакатимиз обрўсига, Ўзбекистоннинг ахборот тарқатувчи тизимига ҳам путур етказган, деб ҳисоблаймиз”, дейди “Адолат”чи. Раҳмонов.
У мақоласини давом эттираркан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодекси ва Жиноят кодексида қандай жавобгарлик қайд этилганини эслатади.
“Кимнидир шаъни, қадр-қимматига таъсир қилувчи уйдирмаларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 40-моддасига мувофиқ жавобгарликка асос бўлади. Унда туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар шу ҳаракатлар нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундай ёлғон ахборотлар қасддан ёки шошма-шошарлик билан совуққонлик оқибатида берилаётгани оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончнинг сусайишига ёки батамом йўқолишига сабабчи бўлиши мумкин”, дейди Раҳмонов.
У мақола сўнггида хабарни тарқатган шахсни топиб, жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ўртага ташлайди. Раҳмоновнинг фикрича, Алимовнинг манфаатлари кўзланган ҳолда жуда катта миқдорда маънавий зарар ундирилиши керак.
“Шу нуқтаи назардан, мазкур ёлғон ахборотни биринчи бўлиб тарқатган шахсни аниқлаб, бундай ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатни содир этган жисмоний шахсни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш лозим. Қолаверса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий ҳазратлари манфаатини кўзлаб жуда катта миқдорда маънавий зарар ундириш керак. Зеро, бундай таъсир чоралари мамлакатимиз ахборот хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминласин, оммавий ахборот воситаларига бўлган кенг жамоатчилик ишончи ва ҳурматини сақлаб қолсин. Энг муҳими, мамлакатимизда қонун устувор бўлсин”, дейди Абдукамол Раҳмонов.
LiveБарчаси