Усмонхон Алимовнинг дафн маросими бўйича маълумот берилди
Жамият
−
15 Август 2021
21251Бугун, 15 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Усмонхон Алимовнинг дафн маросими эртага, 16 август куни ўтказилишини маълум қилди.
Жаноза намози Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғи “Эшони Темирхон Тўра” (аввалги “Орлот” масжиди) жоме масжидида ўқилади.
Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Иштихон туманида таваллуд топган. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олган.
Усмонхон Алимов ҳазратлари Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом-ноиб, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган.
2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби бўлиб меҳнат қилган. 2006 йилдан буён эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, Усмонхон Алимов ўпка ва қон-томир касалликлари, хусусан ўпка пневмонияси бўйича Москвадаги шифохонада даволанаётганди.
LiveБарчаси