Женнифер Лопес эри билан расман ажрашди

Маданият-санъат

image

АҚШ суди хонанда Женнифер Лопес ва актёр Бен Аффлекнинг икки йил давом этган никоҳидан кейин ортиқча суд ишларисиз  ажримни расмийлаштирди.  Бу ҳақда “Baazar” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Женнифер Лопес ва Бен Аффлекнинг ҳеч бири алимент тўламайди, актёр “Artists Equity” продюсерлик компаниясидаги улушини сақлаб қолади, Лопес эса ўз лойиҳаларини амалга оширишда давом этади. Собиқ жуфтлик биргаликда харид қилган вилла борасидаги келишмовчиликлар ҳам бартараф этилган. Аммо улар қандай келишувга эришгани ҳозирча эълон қилинмаган. Шунингдек, келгуси ойда суд ҳайъати ажримни тўлиқ маъқуллагач, Лопес Аффлек фамилиясидан расман воз кечади.

Маълум қилинишича, жуфтлик 2023 йилда 60 миллион долларга харид қилган ҳашаматли уй ҳозирда сотувга қўйилган. TMZ маълумотларига кўра, ҳозирча уйни олишга талабгорлар йўқ.  

Жуфтликка яқин бўлган манбаларнинг сўзларига кўра, Бен Аффлек ва Женнифер Лопес тўйдан олдин никоҳ шартномаси тузмаган. Дўстларининг сўзларига кўра, айнан Женнифер Лопес никоҳ шартномасини тузишда қатъий турмаган. Бу унинг тўртинчи никоҳи бўлгани учун Женнифер бу сафар ҳаммаси яхши бўлишига ишонган. Айниқса, Аффлек билан 20 йилдан бери таниш бўлганини инобатга олсак, бу вақт давомида улар бир-бирларини яхши билиб олишга улгурган. Аммо никоҳнинг биринчи йилидаёқ хонанда бу қароридан афсуслана бошлаган.

Маълумот учун, жуфтликнинг муҳаббат тарихи 2002 йилга бориб тақалади, 2004 йилда Женнифер ва Бен никоҳдан ўтишни режалаштирган, аммо Лопес тўйни бир неча кун қолганда тўхтатган. Орадан қарийб йигирма йил ўтиб — 2021 йил июль ойида Лопес ва Аффлек яна бирга эканини тасдиқлаган. 2022 йил 16 июлда эса жуфтлик муносабатларини расман қонунийлаштирган.

2024 йилнинг ёзида Лопес Аффлек билан ажрашиш учун ариза берган. Ариза судга 20 август куни тақдим этилган. Хонанда ажрашганидан кейин ҳам собиқ эридан моддий ёрдам олишдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 49 ёшли Голливуд актрисаси Анжелина Жоли собиқ турмуш ўртоғи Брэд Питт билан судлашув жараёнини давом эттириш учун бор-будини сотаётгани ҳақида хабар берилганди. 2016 йилда ажрашишга қарор қилган Голливуд юлдузларининг Chateau Miraval вино заводи бўйича олиб бораётган суд жараёни ҳали ниҳоясига етмаган. Айни пайтда Жолининг банк ҳисобидаги маблағлар эса тугаб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг