ЖЧ чорак финалидан кейин Францияда юзлаб кишилар ҳибсга олинди
Спорт
−
12 Декабрь 2022
6250Марокаш ва Франциянинг Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати ярим финалига чиққанини нишонлаш вақтида бир қанча шаҳарларда бошланган тартибсизликлар ортидан бутун Франция бўйлаб 170 га яқин киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда 11 декабрь куни "France-Presse" агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, биргина Парижнинг ўзида 80 нафар одам ҳибсга олинган. Қўлга олинганлардан 23 нафари вояга етмаганлар экани аниқланди. Ҳибсга олинганларга “давлат амалдорларига қарши чиқиш”, полициянинг “талабларини бажаришдан бош тортиш”, шунингдек, вандализм ва портловчи моддаларни сақлаш каби айбловлар қўйилган.
Франциянинг бошқа шаҳарларида, асосан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига буюмлар отган, уларнинг талабларини бажаришдан бош тортган ва тартибсизликлар уюштиргани учун жами 70 киши ҳибсга олинган.
Шунингдек, "France Bleu" радиостанцияси Авигнондаги тартибсизликлар пайтида бир нечта дўконларнинг ойналари синдирилгани ҳақида хабар берди.
Маълумот учун, Марокаш 10 декабрь куни ЖЧ чорак финалида Португалияни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди ва тарихда турнирнинг 1/2 финал босқичига йўл олган биринчи Африка жамоасига айланди. 14 декабрь куни Марокаш чорак финалда Англияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган Франция билан тўқнаш келади.
LiveБарчаси