Мбаппе Франция футбол федерацияси президентини танқид қилди

Спорт

image

ПСЖ клуби аъзоси Киллиан Мбаппе Франция футбол федерацияси (ФФФ) президенти Ноэль Ле Грени Зидан ҳақидаги фикрлари учун танқид қилди. Бу ҳақда "RMC Sport" нашри хабар берди.

Мбаппе ўз Twitter саҳифасида "Реал"нинг собиқ бош мураббийи ҳақида илиқ фикрларни ёзди.

“Зидан – Франция терма жамоасининг афсонаси. Биз унга нисбатан бунчалик ҳурматсизлик қила олмаймиз”, дейди Мбаппе.

8 январь куни ФФФ президенти Зиданнинг мураббийлик келажаги уни қизиқтирмаслигини ва ҳаттоки мутахассис билан телефонда гаплашмаслигини айтганди. 

“Мен Зидан билан ҳеч қачон учрашмаганман, биз Диде Дешам билан ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадик. Зидан келажакда Бразилия терма жамоасини бошқарса ҳам менга фарқи йўқ, у хоҳлаган жойига бориши мумкин. Агар у мен билан боғланмоқчи бўлса, бунинг имкони йўқ, унинг қўнғироқларига жавоб бермаган бўлардим”, дейди Ле Гре.

7 январь куни Франция футбол федерацияси матбуот хизмати миллий терма жамоа бош мураббийи Дешам билан шартнома 2026 йилгача узайтирилганини маълум қилди. Мутахассис 2012 йилнинг ёзидан буён жамоани бошқариб келмоқда. Дешам бошчилигида Франция терма жамоаси 2018 йилги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди, 2022 йилги Жаҳон чемпионати ва 2016 йилги Европа чемпионатининг кумуш медали соҳибига айланди. 54 ёшли мутахассис федерация билан шартномасини тўртинчи бор узайтирди, у Франция терма жамоасини бошқарган мураббийлар орасида ғалабалар сони бўйича пешқадам (140 учрашувда 90 та ғалаба) ҳисобланади.

50 ёшли Зидан 2021 йилнинг ёзида “Реал”ни тарк этганидан бери ишсиз. 2020/21 йилги мавсумда унинг қўл остида “Реал” Испания чемпионатда 2-ўринни эгаллади ва Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқди. Шунингдек, Зидан 2016 йилдан 2018 йилгача “Реал”ни бошқарган. Унинг қўл остида “Реал” уч марта Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди ва икки марта Испания чемпиони бўлди. 2017 йил якунларига кўра, Зидан Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ва Франциянинг нуфузли “France Football” журнали томонидан энг яхши мураббий деб топилди.

Аввалроқ, Айрим ОАВлар Зиданнинг Бразилия терма жамоаси бош мураббийлигига маҳаллий футбол конфедерацияси раҳбарияти томонидан қизиқиш билдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Франциянинг “L'Equipe” нашри хабарига кўра, мутахассис Бразилия терма жамоасини бошқариш таклифини рад этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Fransiya Mbappe

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг