ПФЛ Жасур Жалолиддинов трансфери бўйича иш очмоқчи
Спорт
−
18 Август 2020
9118Ўзбекистон Профессонал футбол лигаси Жасур Жалолиддинов трансфери бўйича иш очишни сўраб ЎФАга мурожаат қилди.
Ташкилотни бир қатор масалалар шубҳалантирмоқда. Бу ҳақда ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев маълум қилди.
Хусусан:
• ТМС (Трансферларни таққослаш тизими)га Жалолиддинов иши бўйича келишув битими эмас, футболчи ва “Бунёдкор” ўртасида шартномани бекор қилиш бўйича битим жойлаштирилган. Яъни, футболчи билан шартнома аввал бекор қилиниб, у эркин агентга айлантирилган. Нега?
• Жалолиддинов билан шартнома бекор қилинган бўлса, битим биринчи навбатда ЎзПФЛга тақдим этилиши керак бўлган. Аммо ЎзПФЛ бундан бехабар, “Локомотив” эса ҳужжатни аллақачон қўлга киритган. Нега?
• Давлат активларини бошқариш агентлиги Жалолиддинов трансфери борасида ахборот беришни сўраб, икки марта “Бунёдкор”га мурожаат қилган, аммо иш пишмагунига қадар “Бунёдкор” жавоб хатини пайсалга солган. Нега?
• Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евролик таклиф турганда, нега у эркин агентга айлантирилиб, кейин “Локомотив”га йўналтирилган?
Имомхўжаевнинг сўзларига кўра, “Локомотив”нинг ТМС сўровига икки ҳафта ичида жавоб қайтарилмаса, ФИФА ўз-ўзидан футболчи манфаати учун қарор чиқариб беради. Достон Ҳамдамов ишида ҳам шундай бўлган. Кўринишидан, ишни икки ҳафта чўзиб туриш кимгадир керак бўлган. Аммо клубда раҳбарият алмашиши, катта эҳтимол билан ўша режаларни бузган.
“Бу борадаги саволлар ўринсиз бўлиб, балки ҳаммаси регламент асосида амалга оширилган, шубҳага ўрин йўқдир... Бироқ энди буни исботлаб бериш керак бўлади. ТМС сўровига жавоб қайтариш учун эса ЎФАда 10 кундан ортиқ вақт бор. Де факто Жалолиддинов “Локомотив” либосини кийиб улгурган бўлса-да, де юре ЎзПФЛ учун футболчи ҳали-ҳамон “Бунёдкор” вакили ҳисобланади. Бунда албатта футболчи ва клуб 2021 йилнинг апрелига қадар давом этиши керак бўлган шартномани бекор қилиб улгурганини ҳам унутмаслик керак. Бу бирламчи ҳужжат ҳисобланади” деган Диёр Имомхўжаев ўз хабарида.
Маълумот учун, 29 июль куни “Бунёдкор” аъзоси Жасур Жалолиддинов Москванинг “Локомотив” клубига кўчиб ўтганди. 18 ёшли ярим ҳимоячи рус клуби билан 5 йиллик шартномага имзо қўйган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь