Жароҳатдан қутулган Рамос дебют учун тайёрланмоқда

Спорт 1155
image

ПСЖ ҳимоячиси Серхио Рамос майдонга қайтишга яқин турибди. Бугун, 26 октябрь куни испаниялик футболчи умумий гуруҳ машғулотларида иштирок этган. Бу ҳақда “Le Parisien” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Серхио Рамос парижликлар сафида Франция чемпионатининг 12-туридан ўрин олган “Лилл”га қарши ўйинда дебют қилиши мумкин. Ушбу баҳс, жорий йилнинг 29 октябрь куни бўлиб ўтади. Испаниялик футболчи бу ўйинда жамоасига ёрдам бермоқчи, аммо ПСЖ бош мураббийи Маурисио Почеттино Рамосни келаси ҳафта UEFA Чемпионлар лигаси доирасидаги “Лейпциг”га қарши ўйинда майдонга тушириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Серхио Рамос 2021 йилнинг июль ойида парижликлар футболчисига айланган эди. Унинг клуб билан шартномаси 2023 йилгача мўлжалланган. Ҳимоячи янги клубига эркин агент сифатида ўтди ва жароҳати туфайли ҳали майдонга тушмаган.

Маълумот учун, Рамос 16 йил давомида Мадриднинг “Реал” клуби шарафини ҳимоя қилган ва ЕЧЛда 4 марта ғолиб бўлган. Шунингдек, у 2020 йилда “France Football” нашри томонидан Мальдини, Беккенбауэр, Пуйоль ҳамда Роберто Карлос каби афсоналарни ортда қолдириб, “Футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячи” мукофотига сазовор бўлган эди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 13
Рейтинг: 3.3
t
×