Жапаров ва Раҳмон Бишкекда чегара шартномасини имзолаши кутилмоқда

Олам

image

Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон Бишкекда бўлиб ўтадиган учрашувда чегара шартномасини имзолаш ниятида. Бу ҳақда журналистларга Қирғизистон Президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиев маълум қилди.

“Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг қўшма баёнотини қабул қилиш, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги битим ва бошқа икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган”, деди у Тожикистон Президентининг 12-13 март кунлари Бишкекка давлат ташрифини шарҳлар экан.

Азимбакиевнинг сўзларига кўра, ташриф давомида Тожикистон Президенти Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Турғунбек уулу ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев билан ҳам учрашувлар ўтказади.

Маълумот учун, 21 февраль куни Бишкекда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов чегаранинг умумий участкасини делимитация қилиш тўғрисидаги протоколни имзолаган. Шу билан бирга, Қирғизистон фикрича, томонлар ўзаро тенг баҳсли ҳудудларни алмашган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йил декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш (давлат чегарасини унинг йўналишини тавсифлаш ва харитада белгилаш) бўйича музокаралар давом этмоқда. Ушбу муаммонинг ҳал қилинмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида бир неча бор низолар, жумладан, ўқотар қуроллардан фойдаланишга сабаб бўлган. Уларнинг охиргиси 2022 йил кузининг бошида содир бўлган. Умуман олганда, 2014 йилдан буён қирғиз-тожик чегарасида 10 дан ортиқ жиддий можаро содир бўлган.

Қирғизистон Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Тожикистон Қирғизистон ҳалигача барча чегара масалаларини ҳал эта олмаган охирги қўшни давлат бўлиб қолаётганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги Торт-Кўчо ҳудудига нейтрал мақом берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Бишкек Раҳмон Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг