Жапаров Эрдўғанга Тожикистоннинг тажовузидан ҳасрат қилди
Олам
−
21 Сентябрь 2022
6295Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбарлари Қирғизистон-Туркия икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг бошқа долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Бундан ташқари, яқинда қирғиз-тожик давлат чегарасида содир бўлган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашилган.
Президент Садир Жапаров Тожикистон томони ўз қўшинларини Қирғизистон чегарасига олдиндан олиб чиқиб кетганини, ўзининг қуролли кучлари ва оғир ҳарбий техникасидан фойдаланган ҳолда Қирғизистон ҳудудидаги чегара ва фуқаролик объектлари ва аҳоли пунктларига ҳужум қилганини таъкидлаган. Шу билан бирга, у жанглар Қирғизистон ҳудудида бўлганини урғулаган.
Садир Жапаров тожик томони яратган вазият тинч аҳоли ўртасида тузатиб бўлмас талофотларга, ҳарбий хизматчилар орасида йўқотишларга, ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етказганига эътибор қаратган.
Ражаб Тойиб Эрдўған Садир Жапаровга чуқур ҳамдардлик билдирган ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, Жапаров кеча, 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида қилган нутқида чегарадаги тўқнашувни Тожикистон томони бошлагини ва Раҳмон халқаро келишувлар ва шартномаларга қарамай тажовузкор ҳаракатларни давом эттираётганини айтган эди.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида можаро
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябрь куни Боткен вилоятидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганига қарамай, келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради.
Қирғизистон расмийлари Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани тортиб келишда ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда “барча мавжуд арсеналдан” фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини ҳақида маълум қилди.
Айни пайтда Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини “оғир қуроллардан” ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни чегара ҳудудидан олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.
Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли участкада белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар чиқиб туради. Умуман олганда, 2022 йил июль ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15