Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хонимига айблов қўйилди

Олам

image

Жанубий Кореянинг ҳокимиятдан четлатилган президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи порахўрлик ва бошқа жиноятларда айбланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Ким Гон Хи жорий йилнинг 12 август кунидан буён тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Унга ҳозирча расмий айблов эълон қилинмаган, аммо айблов эълон қилиниши уни олти ойгача қамоқда ушлаб туриш имконини беради. 

Унинг эри – собиқ президент Юн Сок Ёль ҳам аввалроқ давлат тўнтаришини ташкил этишда айбланиб ҳибсга олинган. 29 август куни яна бир махсус прокурор Жанубий Кореянинг собиқ бош вазири Хан Доксуга ҳам расмий айблов юклатган. 

Жанубий Корея тарихида президентларнинг турмуш ўртоғига бундай жиноий айблов қўйилиши ва ҳибсга олиниши илк бор кузатилмоқда. Хабарларга кўра, Ким Гон Хи тергов давомида беш марта сўроқ қилинган, бироқ ҳар сафар кўрсатма беришдан бўйин товлаган. Прокуратура уни 2009-2012 йилларда Deutsch Motors компаниясининг акциялари билан боғлиқ фирибгарликда, қимматбаҳо совғалар қабул қилиш ҳамда парламент сайловларида номзодларни танлаш жараёнига ноқонуний аралашишда айбламоқда.

Шу билан бирга, ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ ишни олиб бораётган бошқа прокурор собиқ бош вазир ва вақтинча президент вазифасини бажарган Хан Доксуни қўзғолончиларга ёрдам беришда ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришда айблаган. Суд аввалроқ унинг ҳибсга олиниши ҳақидаги илтимосномани рад этган. Прокурор эса Хан Доксунинг юқори давлат лавозимини эгаллаган шахс сифатида ноқонуний ҳарбий ҳолатни тўхтатиш имконига эга бўлганини таъкидлаган. Қонунга кўра, Жанубий Корея парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилиш ҳуқуқига эга ва у бу ваколатидан фойдаланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея прокуратураси Ким Гон Хининг ҳибсга олиниши учун ордерга ариза топширгани ҳақида хабар берилганди. Бу ишга бош-қош бўлиш учун махсус тайинланган прокурор Мин Чун Ги бошчилигидаги тергов гуруҳи унга қарши 16 банддан иборат айблов қўйган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Юн Сок Ёль Хан Доксу Ким Гон Хи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг