Жанубий Кореяда мухолифат Президент истеъфосини талаб қилди
Олам
−
04 Декабрь
3414Жанубий Кореянинг мухолиф “Тобуро” демократик партияси мамлакат Президенти Юн Сок Ёлдан ҳарбий ҳолат эълон қилгани учун истеъфога чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда партия баёнотига таяниб, “Yonhap” хабар берди.
Қайд этилишича, баёнотда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши мамлакат Конституциясининг бузилиши сифатида баҳоланган. Президент эса ҳарбий ҳолат эълон қилиш учун зарур бўлган ҳеч қандай талабларни бажармаган.
“Бу жиддий исён ҳаракати ва импичмент учун тўлиқ асос… Президент Юн зудлик билан ва ихтиёрий равишда истеъфога чиқиши керак. Агар Президент Юн дарҳол истеъфога чиқмаса, биз халқ иродасига биноан импичмент жараёнини бошлаймиз”, дейилади баёнотда.
Шу аснода Президент идораси раҳбари журналистларга бугун, 4 декабрь куни Юн Сок Ёль иштирокидаги йиғилиш қолдирилганини маълум қилган. Нашрга кўра, Президентнинг кун тартибида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 декабрь куни Юн Сок Ёль Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. У бу қарорини июнь ойида янги ҳукумат иш бошлаганидан бери парламент томонидан 22 нафар ҳукумат расмийси устидан импичмент жараёнини бошлашга уринишлар билан изоҳлаган.
Шундан сўнг Президент томонидан ҳарбий ҳолатни бошқаришга тайинланган генерал Пак Ан Су парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатиш ҳамда мамлакатдаги барча ОАВни назорат қилишни эълон қилди. Бироқ парламент ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан тахминан 150 дақиқа ўтиб уни бекор қилиш учун овоз берди.
Ҳарбийлар Миллий Ассамблея биносини тўсиб қўйди, унинг атрофида тўқнашувлар юз берди. Ҳукмрон партия етакчиси Хан Дон Хун Президентнинг ҳарбий ҳолат эълон қилиш ҳақидаги буйруғини бажаришга уринган ҳарбийларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб атади.
Тахминан олти соат ўтиб, Юн Сок Ёль Миллий Ассамблея илтимосига биноан ҳарбий ҳолатни бекор қилишини эълон қилди. Шу билан бирга у “қайта-қайта импичмент жараёнлари, қонунчилик ва бюджет фаолиятини тўхтатишни” талаб қилди. Депутатлар эса ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун қайта овоз берди ва ҳарбийлар ўз хизмат жойларига қайтди.
Хан Дон Хун Президент Юн Сок Ёлни вазиятни тушунтиришга ва масъул шахсларни, хусусан, Мудофаа вазирини истеъфога чиқаришга чақирди. Демократик партия аъзоси Пак Чан Де ҳарбий ҳолат эълон қилинишини “муваффақиятсиз давлат тўнтариши” деб атади ва Юн ўз вазифаларидан четлаштирилиб, фуқаро ва ҳарбий исён учун амалдаги жиноятчи сифатида ҳибсга олиниши зарурлигини билдирди.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь