Жанубий Корея ҳам болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
Олам
−
17 июл 1009 2 дақиқа
Жанубий Корея ҳукумати 14 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда аккаунт очишини чеклаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “The Korea Times” хабар берди.
Қайд этилишича, Корея ОАВ ва коммуникациялар комиссияси раиси Ким Чен Чхол мазкур ташаббусни Чхон Ва Дэдаги сиёсий брифингда маълум қилиб, ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан меъёридан ортиқ фойдаланиши бутун дунё миқёсидаги муаммога айланганини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, комиссия 14 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқ платформаларида аккаунт очишини чеклаш, шунингдек, 14-19 ёшли ўсмирларни ижтимоий тармоқлардан ортиқча фойдаланишга ундаши мумкин бўлган алгоритмлар ва платформа дизайнларини босқичма-босқич тартибга солиш имкониятларини ўрганмоқда.
Кимнинг билдиришича, Жанубий Корея Миллий ассамблеясида ушбу масалага оид еттига яқин қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Шу билан бирга, у бундай чекловларни жорий этишда эҳтиёткорлик зарурлигини таъкидлаган. У 2011 йилда қабул қилинган ва 16 ёшгача бўлган болаларга ярим тундан эрталаб соат 06:00 гача онлайн ўйин ўйнашни тақиқлаган қонунни мисол қилиб келтирган. Мазкур қонун инсон ҳуқуқларини чеклаши ва ўйин саноатига салбий таъсир кўрсатгани ҳақидаги танқидлар ортидан 2022 йилда бекор қилинган.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг ушбу ташаббуси болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган глобал тенденция фонида илгари сурилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига ёш бўйича чеклов жорий этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси