Жанубий Африкада автобус ағдарилиб кетди. Ўнлаб қурбонлар бор
Олам
−
02 июл 588 1 дақиқа
Бугун, 2 июль куни Жанубий Африканинг Ғарбий Кейп провинциясида йўловчи автобусининг ағдарилиб кетиши оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, яна 20 нафари жароҳатланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маҳаллий расмийларнинг маълумотига кўра, автобус 78 нафар йўловчи билан Кейптаун шаҳридан Шарқий Кейп провинциясидаги Идутива шаҳрига кетаётган бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи юк ташувчи автомобиль билан тўқнашувнинг олдини олишга уринган, бироқ бошқарувни йўқотиши оқибатида автобус ағдарилиб кетган.
Аввал айрим хабарларда тўққиз киши ҳалок бўлгани айтилган. Бироқ воқеа жойида ўтказилган текширувлар натижасида қурбонлар сони 16 нафарга етгани аниқланган. Жароҳатланганлар Вустер шаҳридаги шифохонага олиб борилган. Шунингдек, камида 43 нафар йўловчи тиббий ёрдамдан бош тортган.
Маълум қилинишича, ҳодиса юзасидан Жанубий Африка Йўл ҳаракатини бошқариш корпорацияси ва полиция томонидан тергов олиб борилмоқда.
“Авария сабаби Йўл ҳаракатини бошқариш корпорацияси ва Жанубий Африка полиция хизматлари томонидан олиб борилаётган тергов давомида аниқланади”, дейди Йўл ҳаракатини бошқариш корпорацияси вакили Саймон Зване.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эфиопиянинг Амхара минтақасида йўловчи автобусининг жарликка қулаб тушиши оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси