Сурияда яна нотинчлик. Исёнчилар Ҳалабга яқинлашди
Олам
−
29 Ноябрь
5593Суриянинг “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) радикал гуруҳи жангарилари ва уларнинг иттифоқчилари Сурия армияси билан олиб борилган шиддатли жангларда мамлакат шимоли-ғарбидаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқларни эгаллаб, Ҳалаб шаҳрига яқинлашди. Бу ҳақда бугун, 29 ноябрь куни Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига таяниб, ахборот агентликлари хабар берди.
Унга кўра, бир неча кун давом этган жангларда 255 киши ҳалок бўлган. Шимол ва шимоли-ғарбда Ҳалаб ва Идлиб вилоятларида 50 дан ортиқ қишлоқ ва шаҳарча ҲТШ ва иттифоқдош гуруҳлар назорати остида.
“Ҳаят Таҳрир аш-Шам” жиҳодчи гуруҳ бўлиб, аввал “Ал-Қоида”нинг Суриядаги бўлими бўлган “Жабҳат ан-Нусра”дан ажралиб чиққан. У кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
Жангариларнинг кенг кўламли ҳужуми 27 ноябрь куни бошланган. "Reuters" агентлигининг қайд этишича, бу 2020 йил март ойидан бери Башар Асадга мухолифларнинг энг йирик ҳужумидир. "Reuters" агентлиги ҳукумат армиясидаги манбага таяниб, кеча, 28 ноябрь куни жангарилар Ҳалаб шаҳри чеккасидан 10 км ва Нубла ва Захродан бир неча километр узоқликда жойлашгани ҳақида хабар берди.
Ҳалаб шарқидаги Найраб авиабазасига ҳам ҳужум қилинган. "Associated Press" ахборот агентлиги хабарига кўра, жангарилар Ҳалабни Дамашқ билан боғловчи муҳим М5 магистралини тўсиб қўйишга муваффақ бўлишган.
Туркиянинг “Анадолу” агентлиги маълумотларига кўра, 28 ноябрга қадар жангарилар Сурия армияси бўлинмаларини 32 та аҳоли пунктидан сиқиб чиқаришга ва 245 квадрат километр майдонни эгаллашга муваффақ бўлган.
Сурия хавфсизлик мулозимига кўра, армия Ҳалабга қўшимча куч юборган. AFPнинг хабар беришича, шаҳардан бир неча километр ташқарида кучли отишма бўлган. Қайд этилишича, жангарилар танклар ёрдамида ҳужум уюштирмоқда.
“Деярли беш йил ичида биринчи марта биз доимий равишда ракеталар ва артиллерия ўқлари, баъзан ҳатто самолётлар овозини эшитяпмиз”, деган 51 ёшли Ҳалаб фуқароси AFP'га телефон орқали.
Бу ерда 2012 йилдан кейин содир бўлган тўқнашувларга ўхшаш тўқнашувлар такрорланиб, аҳоли яна уйларини тарк этишга мажбур бўлади, деган хавотир бор.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сурия армияси бўлинмалари мамлакат пойтахти Дамашқдан 360 км узоқликда жойлашган Ҳалаб шаҳрининг шимоли ва ғарбида 20 дан ортиқ аҳоли пунктини эгаллаб олган “Жабҳат ан-Нусра” экстремистик гуруҳи жангариларига қарши ҳужум бошлаганди. Туркия эса қўшни Суриядаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини ва унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш тарафдори эканини билдирди.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь