Туркия Суриядаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда – ТИВ
Олам
−
29 Ноябрь
3732Туркия қўшни Суриядаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва унинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш тарафдори. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Онжу Кечели маълум қилди.
“Идлиб ва унга туташ ҳудудларда, яъни бизнинг чегарамизнинг ноль нуқтасида тинчликни сақлаш Туркия учун устувор вазифа ҳисобланади. 2017 йилдан бери Идлибдаги дескалация зонаси бўйича бир нечта келишувларга эришилди. Туркия ушбу келишувларнинг барча талабларини сидқидилдан бажариб келмоқда. Биз халқаро майдонларда Идлибга қарши сўнгги ҳужумлар Остона келишувларининг руҳига ва бажарилишига путур етказаётганини, тинч аҳоли орасида катта талафотлар борлигини бир неча бор огоҳлантирдик. Бу ҳужумлар дарҳол тўхтатилиши кераклигини таъкидладик”, дейилади баёнотда.
Баёнотга кўра, аслида сўнгги тўқнашувлар минтақада нохуш кескинликка олиб келган. Туркия учун янги ва янада чуқур беқарорликнинг олдини олиш ва тинч аҳоли зарар кўрмаслиги ниҳоятда муҳим. Анқара Тел-Рифаат ва Манбиж ҳудудларида тинч аҳоли ҳамда Туркияга қарши ҳужумлар сонининг ошишини диққат билан кузатмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудудларда террорчилар иштирокини тўхтатиш бўйича илгари эришилган келишувлар ҳанузгача бажарилмагани мамлакатни ташвишга солмоқда. Мамлакат Сурия бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлиги ҳамда терроризмга қарши кураш устуворлиги доирасида воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқда.
Маълумот учун, Сурия Қуролли кучлари қўмондонлиги 27 ноябрь куни эрталаб “Ҳаят Таҳрир аш-Шам” радикал гуруҳи араб республикасининг шимолида “кенг кўламли ҳужум” уюштирганини билдирган. Баёнотга кўра, террорчилар Сурия армияси ҳимоясидаги қишлоқ ва шаҳарларга, ҳарбий объектларга ҳужум қилишга уринган ва ҳукумат кучлари позицияларини нишонга олишда давом этган. Кейинчалик “Al Mayadeen” телеканали Сурия армияси жангарилар позицияларига қарши ҳужум бошлаганини, Ҳалабдан шимол ва ғарбдаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктини қайта назоратга олганини хабар қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг Ҳалаб шаҳрида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий маслаҳатчилари қўмондони, генерал-майор Киямурс Ҳошимий террорчилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.
LiveБарчаси