Масжидлар, жамоат транспорти ва ресторанлар... Улар фаолияти қачон тикланади?

Жамият 37451

Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилишига қарамай, чекловлар аҳолининг ижтимоий масофа сақлаш имкони бўлмаган эҳтиёж манбаларида сақланиб қолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди. 

“Биз ҳокимлар томонидан карантин чораларини юмшатиш бўйича кеча ва бугун берилган ҳар бир таклифни атрофлича ўрганиб чиқдик. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва экспертлар билан ҳар томонлама муҳокама қилдик. Бугунги кундаги эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, кўп таклифлар маъқулланди ва улар бўйича Республика махсус комиссияси қарор қабул қилди. Шу билан бирга вирус тарқалиши хавфи борлигини назарда тутиб айтиш мумкинки, бир қатор йўналишлар фаолият юритишига ҳали жуда эрта. Қани бирор 10 кун яшаб кўрайлик, қандай бўлади.  Одамларимиз карантин нормаларини, биз берган тавсияларни эътиборга олса, ҳаммасини очамиз. Бу ўзимизнинг қўлимизда”, деди давлат раҳбари.  

Аҳоли кўп тўпланадиган ва ижтимоий масофани сақлаш имкони бўлмагани учун қуйидагиларда карантин чекловлари сақлаб қолинади. 

•    барча турдаги жамоат транспортлари;
•    буюм бозорлари;
•    чойхоналар;
•    умумий овқатланиш шохобчалари;
•    барча таълим муассасалари;
•    зиёратгоҳлар. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни аниқланган эди. 16 мартдан эътиборан мамлакатдаги барча таълим муассасалари ёпилди. Кейинроқ ушбу чекловлар масжид ва зиёратгоҳларга, ресторан ва кафелар, бозорлар ва савдо мажмуаларига нисбатан жорий этилди. Жамоат транспорт фаолияти биринчи бўлиб пойтахт Тошкентда жорий йилнинг 22 мартидан эътиборан тўхтатилди.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1077
Рейтинг: 3
t
×