Жамму ва Кашмирда 48 та сайёҳлик объекти ёпилди

Олам

image

Ҳиндистон бошқарувидаги Жамму ва Кашмир штати маъмурияти минтақада 22 апрель куни содир этилган терактдан сўнг 48 сайёҳлик объектини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда NDTV хабар берди.

Қайд этилишича, табиий гўзаллиги билан машҳур Паҳалгам туманидаги теракт ортидан хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Расмийлар хавфсизлик нуқтаи назаридан минтақадаги 48 сайёҳлик жойи ёпилишини айтди. Минтақанинг диққатга сазовор жойлари қанча вақт ёпиқлиги ҳақида маълумот йўқ.

Баъзи маҳаллий аҳоли бу ҳужумдан минтақанинг асосий даромад манбаи бўлган туризм жиддий зарар кўришидан хавотир билдирди.

Паҳалгамдаги теракт

22 апрель куни қуролланган шахслар Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатининг Паҳалгам туманида сайёҳларга қарата ўт очиб, 26 кишини ўлдирди. Бундан ташқари, кўплаб одамлар жароҳатланган.

Ҳужум ортидан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Саудия Арабистонига расмий ташрифини тўхтатиб, Нью-Деҳлига қайтди. Пойтахтга келгач, Моди вазиятни баҳолаш учун юқори мартабали амалдорлар билан хавфсизлик бўйича йиғилиш ўтказди. Ҳиндистон ҳукумати ҳужумда Покистондан келган одамларни айблади.

Ҳиндистон Ҳинд сувлари шартномасини тўхтатди, Нью-Деҳлида жойлашган покистонлик маслаҳатчилардан бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этишни сўради ва Покистон фуқароларига берилган визани бекор қилди.

Покистон, ўз навбатида, айбловларни рад этди ва Ҳиндистоннинг Исломободдаги дипломатик ходимлари сонини қисқартирди.

Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси ҳавзасидаги дарёлар оқимини тўхтатиш ёки бошқа йўналишга йўналтиришга бўлган ҳар қандай уриниши уруш ҳаракати сифатида баҳоланишини айтди. Шунингдек, мамлакат Ҳиндистон билан барча савдо-сотиқни тўхтатди ва ҳаво ҳудудини ёпди.

Покистон ҳукумати, шунингдек, Ҳиндистон фуқароларига бериладиган барча визалар тўхтатилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон Кашмир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг