Жалолиддин Машарипов Греция клубига кўчиб ўтди
Спорт
−
28 Сентябрь 2023
4478Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Жалолиддин Машарипов фаолиятини Грециянинг “Пансерраикос” жамоасида давом эттиради. Бу ҳақда клуб расмий сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 30 ёшли ҳужумкор футболчи Греция клуби билан 1 йиллик шартнома имзолаган. “Пансерраикос” жорий мавсум Греция чемпионатида ортда қолган 6 турдан сўнг 6 очко билан 8-ўринда бормоқда. Клуб 1964 йилда ташкил этилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 17 август куни Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клуби ўзбекистонлик 29 ёшли футболчи Жалолиддин Машарипов билан шартномани бекор қилган эди. У ўтган мавсумда Саудия Арабистони чемпионатида Риёд клуби сафида 14 та ўйин ўтказиб, 2 та голли узатмани амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Машарипов “Пахтакор” клуби таркибида машғулот олиб бораётгани хабар қилинганди. Эркин агентга айланган футболчи спорт формасини ушлаб туриш мақсадида жамоа мураббийи Максим Шацких билан келишган ҳолда умумий гуруҳ машғулотларида иштирок этяпти.