Жаҳонгир Аҳмедов янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
17:55 2933 2 дақиқа
Бугун, 10 июль куни Жаҳонгир Одилхўжаевич Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли қарорни имзолади.
Жаҳонгир Аҳмедов ушбу тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги 183-сон қарорига мувофиқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида ташкил этилган Болалар контентини ривожлантириш маркази директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шунингдек, Жаҳонгир Аҳмедов бир муддат Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ижодий ташкилотлар ва кинематография соҳасини ривожлантириш шуъбаси етакчи инспектори лавозимида ҳам ишлаган.
Маълумот учун, Жаҳонгир Аҳмедов 1983 йил 4 февралда Тошкент вилоятида туғилган. 25-сонли умумтаълим мактабини тамомлаган. 2002-2008 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида режиссёрлик йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратура босқичида таҳсил олган. Ўзбекистон давлат санъат институти доценти.
Аҳмедов катта кинодаги фаолиятини 2009 йилда “Уйланиш” романтик комедиясини суратга олишдан бошлаган. Бу унинг кино санъатига илк қадами бўлган бўлса-да, фильм кино ихлосмандлари томонидан жуда яхши кутиб олинган. Шунингдек, Жаҳонгир Аҳмедов “Омад”, “Тундан тонггача”, “Тил қурсин”, “Мажнун”, “Исломхўжа”, “Илҳақ” фильмлари билан танилган.
Live
Барчаси