Жаҳон ядро энергетикаси қуввати 2060 йилга бориб 3 бараварга ортади – МАГАТЭ
Олам
−
19:55 248 2 дақиқа
Жаҳон ядро энергетикаси қуввати 2060 йилга бориб уч бараварга ортади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги (МАГАТЭ) хабар берди.
Ташкилот маълумотларига кўра, МАГАТЭнинг 70-сессияси бош конференцияси доирасида МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Мариано Гросси ядро энергетикасини кенгайтириш бўйича янги прогнозларни тақдим этган.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар электр энергиясига бўлган ортиб бораётган эҳтиёжни қондириш ва энергетик хавфсизликни таъминлаш учун атом энергиясидан тобора кенгроқ фойдаланмоқда.
Шу билан бирга, кичик модулли реакторлар фойдаланишдан чиқарилаётган реакторларни алмаштиришга бўлган ортиб бораётган эҳтиёж фонида тоза энергиянинг муҳим манбасига айланиши мумкин.
2025 йил охирига келиб, дунёда 377,1 гигаватт электр қувватини таъминлайдиган 413 та ядровий энергетик реактор ишлаб турган эди. Оптимистик сценарийда қувват 2050 йилга бориб 1 минг 45 гигаваттга етади, сўнгра 2060 йилга бориб 1 минг 284 гигаваттгача ўсади. Бу 2025 йилдаги даражадан тахминан 3,4 баравар юқори дегани.
“МАГАТЭ прогнозлари ядро энергетикасининг жаҳоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини қондиришдаги ортиб бораётган ролини кўрсатмоқда. Ушбу салоҳиятни рўёбга чиқариш учун янги ядровий қувватларга инвестициялар киритиш ва реакторларнинг фойдаланиш муддатини узайтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади”, дейди Гросси.
Прогнозга кўра, дунёдаги янги ядровий қувватларнинг энг катта улуши Марказий ва Шарқий Осиё ҳиссасига тўғри келади. Ушбу минтақада қувватлар оптимистик сценарийда 2025 йилдаги 114 гигаватт электр қувватидан 2060 йилга бориб 407 гигаватт электр қувватигача ошиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МАГАТЭ Шимолий Кореянинг асосий Йонбён ядровий мажмуасида 28 тагача центрифуга каскадини жойлаштириш мумкин бўлган янги уран бойитиш иншооти қурилгани ҳақида хабар берган эди.
Live
Барчаси