Саида Мирзиёева Рафаэль Гросси билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 4 июнь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

Унинг билдиришича, олий мартабали меҳмон Жиззах вилоятида атом электр станцияси қурилишининг бошланиши маросимида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Мулоқот давомида ушбу нуфузли ташкилот билан миллий ядро энергетикаси инфратузилмасини яратиш, ядровий тиббиётни ривожлантириш ва соҳа учун кадрлар тайёрлаш борасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистонда Россиянинг “Росатом” корпорацияси томонидан барпо этилаётган АЭСнинг биринчи энергоблоки қурилишини бошлаб беришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, томонлар Ўзбекистонда атом қувватини яратиш бўйича ҳукуматлараро битимни 2018 йилда имзолаган. Унда ҳар бирининг қуввати 1,2 гигаватт бўлган иккита энергоблок қуриш кўзда тутилган. 2025 йилда томонлар ҳар бири 55 мегаватт қувватга эга бўлган олтита кичик блок қуришга келишиб олган, бироқ кейинроқ лойиҳани ўзгартиришга қарор қилинди ва 2026 йилнинг мартида шартномага тузатиш киритилди.

Янги келишувга кўра, “Росатом” Ўзбекистонда Россиянинг ВВЭР-1000 реакторлари асосида иккита йирик қувватли энергоблок ва РИТМ-200 реакторлари асосида ҳар бири 55 мегаватт қувватга эга бўлган иккита кичик атом блокларини қуради. Ушбу станция Россия томонидан хорижда қурилган биринчи кичик қувватли АЭС бўлиши мумкин.

Ҳозирги вақтда Марказий Осиёнинг бешта давлатидан ҳеч бирида АЭС мавжуд эмас. Ўтган йилнинг июнь ойида Қозоғистон мамлакатдаги илк АЭС қурилиши учун “Росатом”ни халқаро консорциум раҳбари сифатида танлаган (унда Россия корпорациянинг флагмани ҳисобланган “3+” авлодга мансуб ВВЭР-1200 реакторидан фойдаланишни режалаштирмоқда). Жорий йилнинг май ойида эса Москва ва Остона қуввати 2,4 гигаватт, қиймати тахминан 16,5 миллиард долларни ташкил этиши мумкин бўлган “Балхаш” АЭСни қуриш бўйича ҳукуматлараро битим имзолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева МАГАТЭ Рафаэль Гросси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг