Жээнбеков ва Жапаровнинг вориси Россияга боряпти. У Путин билан кўришиши мумкин

Олам 8987
image

Қирғизистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Қирғизистон парламенти спикери Талант Мамитов тез орада Россияга расмий ташриф билан келишни режалаштирмоқда.  Бу ҳақда Россия Федерацияси Давлат думаси спикери Вячеслав Володин бугун, 30 ноябрь куни маълум қилди.

Қайд этилишича, Талант Мамитовнинг Россияга ташрифи жорий йилнинг 7 декабрь кунига режалаштирилган. У мамлакат Президенти Владимир Путин билан учрашиши кутилмоқда. 

Талант Мамитов Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Парламент Ассамблеясининг йиғилишида иштирок этиб, нутқ сўзлаган. Унда Қирғизистонда ўтиши режалаштирилаётган президент сайловларига кузатувчиларни юбориш масаласи муҳокама қилинган.  

Маълумот учун, Қирғизистондаги навбатдан ташқари президент сайловлари, шунингдек,  мамлакатнинг янги конституцияси лойиҳаси бўйича референдум 2021 йил 10 январда бўлиб ўтади. 

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб қон тўкмаслик учун истеъфо берди. 

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди. Мамлакатни 14 ноябргача бошқарган Жапаров сайловда ўз номзодини илгари суриш учун мамлакат қонунчилигига мувофиқ Президент ва Бош вазир ваколатларидан воз кечди

Талант Мамитов эса жорий йилнинг 4 ноябрь куни Парламент спикери лавозимига сайланди. Бунгача унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, озодликдан маҳрум этилганди. Мамитов 4 октябрда бошланган намойишлар фонида Садир Жапаров билан озодликка чиқди. 19 октябрь куни Қирғизистон Республикаси Олий Суди Садир Жапаров, Талант Мамитов ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиевга нисбатан оқлов қарорини чиқарди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 192
Рейтинг: 3
t
×