Жээнбеков парламентнинг янги спикери билан импичменти масаласини муҳокама қилди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков парламентнинг янги спикери Миктибек Абдилдаев билан ўзининг импичменти масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Толгонай Стамалиева маълум қилди. Мулоқот телефон орқали бўлган.

“Президент у учун энг муҳим вазифа – вазиятни ўз изига тушириш эканини таъкидлади. Кейин у мавжуд вазият сабаб юзага келган масалаларни муҳокама қилишга тайёр”, деган Стамалиева. Мулоқот вақтида Президент Абдилдаевни учрашувга таклиф қилган.

Қайд этиш керакки, Қирғизистонда намойишлар бошланганидан бери Президент сиёсий партиялар билан музокара ўтказиб, уларни муросага келитиришга уринаётгани айтиляпти. 

Аввалроқ, Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши Сооронбай Жээнбеков қаерда эканини билмаслигини айтиб чиққанди. Кейинроқ Стамалиева давлат раҳбари Бишкекда эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

263

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг