Зеленскийнинг G7 саммитидаги иштироки Украина учун ўзгаришлар олиб келади – Макрон
Олам
−
20 Май 2023
5704Франция Президенти Эммануэль Макроннинг фикрича, Украина етакчиси Владимир Зеленскийнинг G7 саммитида қатнишиш учун Хиросимага бориши мамлакат учун яхши ўзгаришларга сабаб бўлолади. Бу ҳақда у бугун, 20 май куни Зеленский билан саммит доирасидаги учрашув бошида айтиб ўтди. Франция раҳбари учрашувдан лавҳаларни Twitter'да эълон қилди.
“Менимча, бу ноёб имконият: биринчи навбатда сиз Украинани бошиданоқ қўллаб-қувватлашини аниқ билдирган ҳамда ўз мамлакатингиз ва халқингизни охиригача қўллаб-қувватлайдиган G7 мамлакатлари раҳбарлари билан гаплаша оласиз. Шунингдек, сиз жанубий мамлакатларнинг кўплаб етакчилари билан суҳбатлашиш ва вазиятингизни тушунтириш, уларга ўз фикрингизни, қарашларингизни етказиш учун ноёб имкониятга эга бўласиз.
Шунингдек, Макрон саммитда шахсан иштирок этаётгани учун Зеленскийга миннатдорлик билдириб, ундан олдин Араб Лигаси саммитига учиб бориш “яхши фикр” эканини айтган. Ҳар икки ҳолатда ҳам Украина Президенти Франция ҳукумати самолётида саёҳат қилган, бу самолёт Франциядаги айрим сиёсатчилар томонидан танқид қилиниб, Макронни исрофгарчиликда ва можаро тарафларидан бирини ҳаддан ташқари қўллаб-қувватлашда айблаган.
Бундан ташқари, G7 саммити доирасида Зеленский Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель ва Германия канцлери Олаф Шольц билан ҳам учрашувлар ўтказган.
Хусусан, Моди билан учрашувда у Украинанинг кўчма шифохоналарга бўлган эҳтиёжлари ҳақида гапирган ва Ҳиндистон Бош вазирига Украина тинчлик формуласи ташаббуси ҳақида батафсил маълумот бериб, Ҳиндистонни уни амалга оширишга қўшилишга таклиф қилган.
Шарль Мишель билан музокаралар давомида эса Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари томонидан Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш чекловлари ва уларни 5 июндан кейин узайтиришга йўл қўйилмаслиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Олаф Шольц билан учрашувда эса Зеленскийнинг Германияга ташрифининг дастлабки натижалари муҳокама қилинган. Украина раҳбари Германиядан оладиган кучли мудофаа ёрдами учун миннатдорлик билдирган ва Украина тинчлик формуласи бандларини амалга ошириш муҳим экани қайд этилган. Шунингдек, етакчилар G7 саммити арафасида позициялар мувофиқлаштирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Зеленский Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ва Италия Бош вазири Жоржиа Мелони билан ҳам учрашганди.