Зеленский Европа раҳбарлари билан учрашди. Бу сафар у нималарга эришди?

Олам

image

Бугун, 22 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Греция пойтахти Афинада бўлиб ўтаётган Украина-Болқон саммитида қатнашди ва қатор Европа давлатлари етакчилари, шунингдек, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“Украина ва ЕИ ўртасида тўлиқ божсиз савдони тиклаш ҳамда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Европа Иттифоқи ягона бозорининг бутун ҳудудига эркин киришини таъминлаш муҳим. Мен 15 сентябрь куни ЕИда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўйилган ҳар қандай чекловлар олиб ташланишини кутаман”, деган Зеленский Урсула фон дер Ляйен билан учрашуви чоғида.

Шунингдек, Украина етакчиси Еврокомиссия раҳбари билан “дон йўлаги”нинг муқобил йўналишларини муҳокама қилган. Хавфсизлик ва молиявий жиҳатларга, кема суғуртаси масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Зеленский фон дер Ляйенга 1,5 миллиард евро миқдоридаги ёрдамнинг навбатдаги транши учун миннатдорлик билдирган.

Бундан ташқари, Зеленский Сербия Президенти Александр Вучич билан ҳудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлиги борасида музокаралар олиб борган, Болгария Бош вазири Николай Денков билан Қора денгиз хавфсизлиги ва муқобил дон йўлакларини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган.

Хорватия Бош вазири Андрей Пленкович билан икки томонлама учрашувда эса Дунай ва Адриатик портлари орқали Украина донини экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш масаласи кўриб чиқилган. Украина Президенти Шимолий Македония Бош вазири Димитар Ковачевский билан музокаралар давомида эса мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича қадамларни мувофиқлаштиришга келишиб олган.

Черногория Президенти Яков Милатович билан учрашувда Зеленсий инсонпарварлик, ҳарбий ва сиёсий ёрдам ҳамда Украинага хавфсизлик кафолатлари бўйича G7 декларациясига қўшилганлиги учун миннатдорлик билдирган ва Черногориянинг Украина Тинчлик формуласини қўллаб-қувватлашини муҳокама қилган.

Маълумот учун, кеча, 21 август куни эса Зеленский Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис ва Президент Катерина Сакелларопулу билан ҳам учрашган. Музокаралардан сўнг, украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга тайёрлашда Греция ҳам иштирок этиши эълон қилинган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Зеленский ШвецияНидерландия ва Данияга борган ва давлатлар раҳбарияти билан учрашганди. Швецияда CV90 жанговар машинасини Украинада ишлаб чиқариш бўйича,  Нидерландия 42 та F-16 қирувчи самолётини, Данияда 19 та F-16 қирувчи самолётини Киевга топшириш бўйича келишувларга эришилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Греция Украина Зеленский Афина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг