Зеленский Украинада инглиз тилининг мақомини мустаҳкамлайдиган қонунни имзолади
Олам
−
26 Июнь
3469Украинада бундан буён инглиз тилини болалар боғчасидан бошлаб ўргатиш талаб этилади. Бу ҳақда бугун, 26 июнь куни Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан имзоланган мамлакатда инглиз тилининг мақоми тўғрисидаги қонунда сўз боради.
Мазкур ҳужжат инглиз тилининг Украинадаги халқаро мулоқот тилларидан бири сифатида мақомини мустаҳкамлайди. У Украина Қуролли кучлари ва Миллий гвардияда халқаро мулоқот тили сифатида ишлатилиши мумкин. Давлат инглиз тилини мажбурий ўрганишни таъминлаши ва таълим муассасаларида халқаро мулоқотнинг бошқа тилларини ўрганишга кўмаклашиши керак. Хусусан, қонун болалар боғчаларида катта мактабгача ёшдаги болалар учун инглиз тилини мажбурий ўрганишни таъминлашни талаб қилади.
Бундан ташқари, ҳужжат номзодлар инглиз тилини билиши керак бўлган лавозимлар рўйхатини белгилайди. Улар орасида айрим тоифадаги мансабдор шахслар, ҳарбий хизматчилар, прокурорлар, олий ўқув юртлари раҳбарлари ва ўқитувчилари бор. Инглиз тилини биладиган давлат хизматчиларига иш ҳақи 10 фоизга оширилади.
Украинада инглиз тилининг мақоми тўғрисидаги қонун лойиҳаси ўтган ёзда мамлакат ҳукумати томонидан тайёрланган ва Владимир Зеленский томонидан парламентга тақдим этилган эди. Олий Рада уни 4 июнь куни тасдиқлади.
Дастлаб, қонун лойиҳасида 2027 йилдан бошлаб барча инглиз тилидаги фильмлар Украина кинотеатрларида асл тилда украинча субтитрлар билан намойиш этилиши керак бўлган қоида мавжуд эди. Жамоатчиликнинг норозилиги туфайли мазкур банд лойиҳадан чиқариб ташланди.