Зеленский Украина учун “қатъият режаси”ни тақдим қилди. Унда нималар бор?
Олам
−
19 Ноябрь
1691Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат мустаҳкамлигини ошириш бўйича ўн банддан иборат янги режани тақдим этди. Бу ҳақда у бугун, 19 ноябрь куни Украина Олий Радасида қилган нутқида маълум қилди.
“Конституция ва қонунлар уруш вақтида сайловлар ўтказишга йўл қўймайди. Ҳеч ким дунёда бунга талаб қўймаяпти. Украина аввало адолатли тинчликка муҳтож, ундан кейин украиналиклар адолатли сайловлар ўтказади!” деди Зеленский.
Қуйида режа бўйича асосий бандлар келтирилади:
Бирлик. Президент мамлакат ичида ва ташқарисида бирлашиш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, халқаро ҳамкорлар Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришлари ва кучайтиришлари керак. Зеленскийга кўра, мамлакатдаги сайловлар фақат ғалабадан кейин бўлиб ўтади.
Фронт. Армия бошқарувидаги ёндашувларни ўзгартириш. Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий қўмондонлик мобилизация ёшига етмаган фуқаролар учун янги шартнома тизимини тақдим этиши лозим. Ҳарбий омбудсман тайинланади. Мобилизация ёши пасайтирилмайди.
Қурол. Украинада қурол ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш. Технологик штаб ташкил этилади. Президентга кўра, келгуси йилда Украина камида 30 минг узоқ масофали дрон ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, уч минг қанотли ракета ва ракета-дронлар ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган.
Энергетика. Энергетик барқарорликни таъминлаш, атом электр энергияси ишлаб чиқаришни кучайтириш, энергияни оқилона истеъмол қилиш ва урушдан кейинги энергетика соҳасини бозор шароитларига мослаштириш. Йил охиригача барча ҳудудлар учун энергетик барқарорлик паспортлари тайёрланади. Бу банд ёпиқ иловага эга.
Молия. Режага қўшимча илова сифатида киритилади. У ҳарбий хавфларни суғурталаш, давлат бошқарувининг қисқартирилиши, ЯИМ тақсимоти улушини камайтириш ва ҳуқуқ-тартибот органларидан бизнесни ҳимоя қилишни ўз ичига олади.
Хавфсизлик. Бошпана стандартларини модернизация қилиш. Ҳар бир мактаб ва бошқа давлат биноларига металл детекторлар ўрнатилиши зарур. Давлат чегарасини мустаҳкамлаш чоралари ҳам кўзда тутилган.
Жамият. Чегарага яқин ва кўчирилган аҳолини қабул қилган ҳудудларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилади. Масалан, Харков шаҳрига хос солиқ имтиёзлари бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтирилиши режалаштирилган.
Инсон капитали. Таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида ислоҳотлар амалга оширилади. Чет элдаги украин болалари билан алоқаларни сақлаш мақсадида миллий маданиятни тарғиб қилиш дастурлари қўлланилади. 2025 йилдан мактаб ўқувчилари учун бепул овқатланиш дастури жорий этилади.
Маданият. Давлат украин тилидаги маданий контентни ривожлантириш ва уни бошқа тилларга таржима қилишни қўллаб-қувватлайди. Хориждаги университетларда украиншунослик бўйича кафедралар ташкил этилади.
Қаҳрамонлар сиёсати. Ветеранларни жамиятга интеграциялаш ва уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишини кучайтириш режалаштирилган. Реабилитация марказлари кенгайтирилади ва ҳарбий хизматдан ветеран мақомига ўтиш жараёни яхшиланади.
Режа Украинадаги жанговар руҳни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ҳарбий барқарорликни ошириш ҳамда ташқи ёрдамнинг потенциал қисқариши шароитида ўз кучига таяниш имкониятини кўрсатишга қаратилган. Шу билан бирга, Зеленский Украинада мустақил ва мустаҳкам давлатни ривожлантириш йўлидан чекинмаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси