Зеленский Макрон билан Украинага ҳарбий контингент жўнатиш масаласини муҳокама қилди

Олам

image

Кеча, 13 январь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Франция етакчиси Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида Украинада “ҳарбий контингент”ни жойлаштириш ғояси ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳақда Украина давлати раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у Макрон билан “тинчликка эришиш ва Украина учун самарали хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқишда асосий иттифоқчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга” келишиб олган.

"Ана шундай кафолатлардан бири Франциянинг Украинага ҳарбий контингентларни жойлаштириш ташаббуси”, деб таъкидлади Зеленский.

Бироқ у гап жанговар бўлинмалар ёки тинчликпарвар кучлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. Қайд этиш жоиз, Макрон Украинага Ғарб қўшинларини юбориш ғоясини илгари ҳам сурган, жумладан ўтган ойда у Польша Бош вазири Дональд Туск билан ўт очишни тўхтатган тақдирда у ерга тинчликпарвар кучларни жойлаштириш имкониятини муҳокама қилган.

Украина Президентининг веб-сайтида айтилишича, Зеленский Макронга Киевнинг ҳозирги мудофаа эҳтиёжлари, жумладан, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ва юқори аниқликдаги узоқ масофали қуроллар ҳақида “маълумот берган”. У, шунингдек, Францияга Украина қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва артиллерия снарядларини сотиб олишни молиялаштиришга қўшилиш таклифини билдирган. 

Таъкидланишича, давлат раҳбарлари яқин келажакда учрашишга келишиб олган ва “ҳамкорлар билан адолатли тинчликка эришиш ва самарали хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш бўйича қўшма қадамларни мувофиқлаштириш мақсадида” турли даражадаги бир қатор алоқаларни режалаштириш бўйича жамоаларга топшириқ берган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазирлари Грант Шэппс ва Гэвин Уильямсон мамлакатнинг “The Telegraph” нашрига берган интервьюсида ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин қироллик Украинага “тинчликпарвар қўшинлари”ни юбориши кераклигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Украина Владимир Зеленский Эммануэль Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг