Британия Украинага “тинчликпарвар кучлар”ни юборишга чақирди

Олам

image

Буюк Британия ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин Украинага “тинчликпарвар қўшинлари”ни юбориши керак. Бу ҳақдақ Қиролликнинг собиқ мудофаа вазирлари Грант Шэппс ва Гэвин Уильямсон мамлакатнинг “The Telegraph” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Урушдан кейинги “тинчликпарвар кучлар” таркибида Британия қўшинларининг иштироки, албатта, мамнуният билан қабул қилинади, аммо бу Украинага ҳақиқатан ҳам керак бўлган нарсанинг кичик бир қисми”, деган 2023-2024 йиллардаги собиқ вазир Шэппс. 

Унинг сўзларига кўра, Британия “Путиннинг ноқонуний босқинига қарши” Украинани қўллаб-қувватлашда биринчи ўринда бўлган ва Лондон энди Киевга НАТОга аъзо бўлишида ёрдам бериши керак.

Ўз навбатида, Уильямсон Украина тинчлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш “ҳақиқий, жисмоний куч талаб этишини” таъкидлади, шунинг учун у бу мамлакатга қўшин юборишни қўллаб-қувватлайди. Унинг сўзларига кўра, келажакда “Украина хавфсизлиги ташқи томондан қўллаб-қувватланиши, хоҳ НАТО, хоҳ ишончли ҳамкор сифатида кўриш мумкин бўлган Буюк Британия каби давлатлар туфайли” жуда муҳим.

Аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатга хорижий ҳарбий кучларнинг киритилиши Россияни тинчликка мажбурлашнинг “энг яхши воситаларидан бири” бўлишини айтган эди.

“Келинг, буни амалга ошириш учун кўпроқ амалий иш қилайлик. Ва биз Буюк Британиядан буни қўллаб-қувватловчи сигналларни эшитдик. Биз жасоратли бўлишимиз керак ва ҳақиқатан ҳам кучли воситаларни таклиф қилишимиз керак”, деган Зеленский ўтган ҳафта Германиядаги “Рамштейн” базасида Украина бўйича Алоқа гуруҳи йиғилишида.

Ғарб қўшинларини Украинага жойлаштириш ғояси биринчи марта Франция Президенти Эмманюэль Макрон томонидан 2024 йилнинг февралида билдирилган эди. Шундан сўнг Европа давлатлари ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш учун ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган тақдирда бундай қадам қўйиш имкониятини муҳокама қила бошлади.  “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, бундай қарорга АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ҳам қизиқиш билдирмоқда. Шу билан бирга, Парижда Зеленский ва Макрон билан учрашувда Трамп АҚШ армияси тинчликпарварлик миссиясида қатнашмаслигини, чунки унинг фикрича, Украинани ҳимоя қилишда асосий роль Европага тегишли бўлиши кераклигини таъкидлади.

Кейинчалик маълум бўлишича, Европа давлатлари Россия билан уруш тўхтатилган ёки музлатилган тақдирда Украинага ҳарбий контингентларни юбориш бўйича аниқ музокаралар олиб бормоқда. “Reuters” манбаларига кўра, бундай миссиянинг минимал ҳажми Германия , Буюк Британия, Франция, Италия ва Польшани ўз ичига олган беш-саккиз мамлакатдан 40 минг аскар бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Европа хавфсизлик хизматлари Украинани Россиянинг такрорий тажовузидан ҳимоя қилиш учун 100 минггача ҳарбий хизматчи керак бўлади, деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи дипломатия раҳбари Кая Каллас Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан ЕИ давлатлари Украинага “тинчликпарвар кучлар” юбориш масаласини муҳокама қилмаётганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Британия тинчликпарвар кучлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг