Украина Европадан йил охиригача яна 1 млрд евро сўраяпти
Олам
−
04 Декабрь 1411 2 дақиқа
Украина йил охиригача Европа Иттифоқидан қўшимча 1 миллиард евро (1,2 млрд доллар) миқдорида маблағ ажратилишини сўрамоқда. Бу маблағ АҚШ қурол-аслаҳасини харид қилишга йўналтирилади. Бу ҳақда РБК маълум қилди.
Украинанинг НАТОдаги элчиси Элена Гетманчукнинг айтишича, Европа давлатлари томонидан молиялаштириладиган ва АҚШ қуролини харид қилишни кўзда тутувчи PURL дастури узлуксиз ишлаши учун янги бадаллар зарур. Унинг таъкидлашича, давом этаётган тинчлик музокаралари Украинага ёрдамни қисқартириш ёки Россияга босимни камайтириш ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилинмаслиги керак.
Дипломат кўра, 2025 йил ёзида ишга туширилган PURL – Prioritised Ukraine Requirements List (Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати) ташаббуси орқали Patriot зенит-ракета тизимлари етказиб беришининг 75 фоизи ва бошқа ҳаво мудофааси тизимларининг 90 фоизи молиялаштирилган. PURL доирасида Украина ҳар гал тахминан 500 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетларини олиши режалаштирилган.
Mаълумот ўрнида, ноябрь ўрталарида Украина бўйича 28 банддан иборат тинчлик режаси тақдим этилгач, АҚШ Президенти Дональд Трамп НАТО давлатларига Украинага юбориш учун катта миқдорда қурол сотилаётганини айтганди.
АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Мэтью Уитакер ҳам Европа Иттифоқи давлатлари яқин ойлар ичида Украинага топшириш учун яна 2 миллиард долларлик Америка қуролини харид қилишни режалаштираётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Германиядан Patriot зенит-ракета тизимларини олгани ҳақида хабар берилганди. Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, ҳаво ҳужумлари Путиннинг бу урушдаги асосий қуроли бўлиб қолмоқда, чунки у ўзининг ердаги мақсадларига эриша олмаслигини айнан ҳаво орқали “қопламоқчи”. Зеленскийнинг билдиришича, ҳаво мудофааси тизимини кучайтириш урушнинг якунига яқинлаштиради ва Россиянинг ҳаво ҳужумларини давом эттириш имкониятларини камайтиради.
Live
Барчаси