Зеленский Будановга Ермакнинг ўрнини эгаллашни таклиф қилди
Олам
−
02 Январь 3404 1 дақиқа
Бугун, 2 январь куни Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Будановга Президент девони раҳбари лавозимини таклиф қилди. Бу ҳақда Украина раҳбари ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Зеленскийнинг ёзишича, у Буданов билан учрашув ўтказган ва учрашув чоғида унга давлат раҳбари девонига раҳбарлик қилиш таклифини билдирган.
“Бугун Украина хавфсизлик масалаларига, Мудофаа ва хавфсизлик кучларини ривожлантиришга, шунингдек, музокаралардаги дипломатик йўналишга янада кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Президент девони эса, аввало, давлатимиз олдидаги айнан шу вазифаларни бажаришга хизмат қилади”, дейди Зеленский.
Зеленский Буданов бундай лавозим учун зарур тажрибага эга, деб ҳисоблайди.
РБК Украина маълумотига кўра, ҳозирда Будановни Президент девони раҳбари этиб тайинлаш бўйича барча расмий тартиб-таомиллар бошланган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ноябрь ойининг охирида Украина Миллий аксилкоррупция бюроси ва Ихтисослаштирилган аксилкоррупция прокуратураси ҳукумат маҳалласида Президент девони раҳбари Андрей Ермакка тегишли жойларда тинтувлар ўтказган эди. Кўп ўтмай, Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак истеъфога ариза бергани маълум бўлди.