Заргарлик маҳсулотларига ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланади
Жамият
−
19 Июнь
3700Бугун, 19 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев заргарлик саноатини янада ривожлантириш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва сотиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тайёр маҳсулотлар экспортини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, ваколатларини кенгайтириш ҳамда бошқарув тизимини қайта ташкил этиш борасида режалар муҳокама қилинди. Соҳадаги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари учун берилган имтиёзлар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам татбиқ этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотларига нисбатан божхона божи ва қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш имконияти кўриб чиқилди. Ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо майдонларини ўз ичига олган махсус заргарлик марказларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, заргарлик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масаласига тўхталиб, икки томонлама келишиш йўли билан Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини АҚШга “GSP” тизими бўйича экспорт қилиш учун божхона тўловларининг ноль ставкасини белгилаш таклиф этилди.
Бундан ташқари, Мирзиёев 2027 йилгача бўлган даврда маҳаллий заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқишга топшириқ берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь