Замонавий кашандалик: Болалар орасида электрон сигарет оммалашмоқда
Саломатлик
−
18 Январь
6719Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Соғлиқни сақлашни мустаҳкамлаш бўйича директори Рудигер Креч Глобал тамаки истеъмоли бўйича ҳисоботини эълон қилди.
Рудигер Кречнинг 16 январь куни Женевада сўзлаган нутқида тамаки истеъмоли дунё бўйлаб пасайгани, чекишни ташлаш бўйича Африка етакчилик қилишини айтиб ўтди.
Унга кўра, агар 2000 йилда ҳар 3 нафар катта ёшдагилардан бири чекувчи бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 5 кишидан 1 нафарга камайган.
Янги маълумотлар чекиш глобал миқёсда пасайиб бораётганини кўрсатса-да, ЖССТ бу ҳолат болалар орасида электрон сигареталар ва вейпинглардан фойдаланишнинг ошиши билан боғлиқлигини билдирди.
“Сўнгги 4-5 йил ичида бу ташвишли ўсишдир. Қатор мамлакатларда биз электрон сигареталар ва вейпинг қурилмаларидан фойдаланиш мактаб ёшидагилар орасида оммалашаётганини кузатяпмиз. Буюк Британия ва АҚШда кашандаликнинг янги тури олдинги кўрсаткичларга қараганда 150 фоизга, шунингдек, болалар орасида икки баробарга кўпайган”, дейди Рудигер Креч.
Креч тамаки саноатини айёрона усуллар орқали харидорларини оширишда айбламоқда.
Унинг сўзларига кўра, тамаки корхоналари, ҳаттоки, 8 яшар болаларни ҳам электрон сигарет ёки фильтрли сигаретдан фойдаланишга ундаяпти.
“Бу ҳаракатлар ўлимга олиб келишини билган ҳар бир инсон уларни жиноятда айблаши аниқ”, деган у.
Тадқиқотлар аксарият мамлакатларда 13-15 ёшли ўсмирлар тамаки ва бошқа никотинли маҳсулотлардан фойдаланишини исботлаган. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган камида 37 миллион бола тамаки истеъмол қилади ва кўплаб мамлакатларда электрон сигаретадан фойдаланиш хавотирли даражага етган.
Шунингдек, ташкилот тамаки истеъмоли даражаси Жануби-Шарқий Осиёда 26,5% ва Европа минтақасида 25,3% эканини таъкидлади. Билдирилишича, Европадаги кашанда аёллар сони бошқа минтақага нисбатан анча юқори.
Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 16,5 фоизи тамаки чекиши аниқланган эди. “World Population Review” нашрига кўра, 2024 йилга келиб Ўзбекистонда аҳолининг 12% сигарет чекади ва бу кўрсаткич 4 % га камаяди. Унга кўра, айни пайтда 23,3%, ўзбекистонлик эркаклар, 1,3% аёллар тамаки истеъмол қилади.
Ташкилот чекиш 8 миллионга яқин бевақт ўлимга ва саратон, юрак касалликлари, инсульт, ўпка касалликлари ва диабетга сабаб бўлаётганини мисол қилиб келтирган.
Эслатиб ўтамиз, бундан роппа-роса бир йил аввал Мексикада жамоат жойларида чекиш буткул тақиқланган, 2021 йилда эса дунёда чекувчилар сони миллиарддан ошган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь