Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа бўйича айрим тафсилотлар ошкор қилинди
Жамият
−
26 Декабрь 2020
126682019 йилнинг 18 декабрь куни соат 10:20 да Тошкент метрополитенининг Юнусобод линиясида қурилаётган янги бекат ҳудудида қазилган котлован ён томони ўпирилиши содир бўлган эди.
Мазкур ҳолат тинимсиз ёғингарчиликлар сабабли содир бўлган. Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология марказининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида соат 07:40 дан 15:50 гача ёғингарчилик миқдори 12 мм.ни ташкил этган, бу шаҳарнинг қолган ҳудудларига нисбатан кўпроқ бўлган. Воқеа оқибатида қулаб тушган тупроқ массаси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели Самарқанд йўли масофасининг бир нафар ходимини ва “SBK UNIVERSAL CONSTRUCTION GROUP” МЧЖ субпудратчи томонидан қурилиш ишларига жалб этилган беш нафар ишчини босиб қолган. “Ўзбекистон темир йўллари” Ахборот-таҳлилий медиа маркази воқеа юзасидан айрим тафсилотларни ошкор қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойишига биноан тезкор равишда ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш, ер усти ва ерости метрополитени объектларида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ҳукумат комиссияси ташкил этилган.
2019 йилнинг 19 декабридаги қидирув-қутқарув ишлари натижасида юқорида қайд этилган барча ишчиларнинг жасадлари топилган ва улар ўзлари рўйхатдан ўтган манзилларига етказилган. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти ва маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қурбонларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилган. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “SBK UNIVERSAL CONSTRUCTION GROUP” МЧЖ раҳбарияти томонидан қурбонларнинг оилаларига бирламчи товон пули сифатида 100 миллион сўмдан тўлаб берилган.
Ҳукумат комиссиясининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “SBK UNIVERSAL CONSTRUCTION GROUP” МЧЖнинг вафот этган 5 нафар ходимига 261 млн 938,8 минг сўмлик, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели Самарқанд йўли масофасининг вафот этган ходими оиласига 281 миллион 62,8 минг сўмлик бир марталик товон пули тўлаш тўғрисида хулоса чиқарган. Ушбу бир марталик тўловлар марҳумларнинг оилаларига тўлаб берилган. Ушбу маблағлардан ташқари, уларнинг оила аъзоларига ҳар ойда қуйидаги миқдорларда ойлик компенсациялар тўлаб борилмоқда:
вафот этган Анвар Дияровнинг турмуш ўртоғи, бир ўғли ва икки қизига – 727,6 минг сўмдан;
вафот этган Даврон Абдуллаевнинг пенционер онасига – 1212,68 минг сўмдан ортиқ;
вафот этган Ойбек Абдуллаевнинг пенционер ота ва онасига, шунингдек ўғли ва қизига – 606,34 минг сўмдан;
вафот этган Жонибек Равшановнинг нафақахўр отаси ва онаси, қизи ҳамда турмуш ўртоғига – 519,72 минг сўмдан;
вафот этган Зариф Каримов Тўлқиновичнинг уч қизи, бир ўғли ва турмуш ўртоғига – 650,6 минг сўмдан.
Хабарга кўра, товон пуллари болалар учун 16 ёшгача ва қурбонларнинг турмуш ўртоқларига уларнинг энг кичкина болалари 3 ёшга тўлгунига қадар тўланади. Ота-оналарига эса умрининг охиригача тўланади. Вафот этган Ихтиёр Раҳматовнинг 4 кишидан иборат оиласида меҳнатга лаёқатли бўлмаганлар аниқланмаган ва оила аъзоларига компенсация тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан тўланмайди.
Қурилиш ишларининг бажарилиши устидан назоратни сусайтиргани учун ва бўйсунувчи корхоналарда ўлим билан якунланган гуруҳли бахтсиз ҳодисани келтириб чиқаргани учун Қудрат Тошпўлатович Исаев, “Кўприкқурилиш” трестининг менежери, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг жорий йил 22 январдаги №НОК–54-сонли буйруғи билан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ, лавозимидан озод этилган.
Юнусобод йўналишининг янги бекатларида қурилиш ишлари жорий йилнинг июль ойида якунланиб, жорий йилнинг август ойи охирида фойдаланишга топширилган. Ахборотда ёзилишича, ушбу йўналиш фойдаланишга топширилган кундан бошлаб ҳеч қандай камчиликлар аниқланмаган, барча бекатлар ва метро туннеллари белгиланган меъёр ва стандартларга мувофиқ ишламоқда, йўловчилар томонидан этироз ва шикоятлар келиб тушмаган.
Ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 257-модданинг 2-қисмининг “а” банди ва 258-моддасининг 2-қисмининг “а” бандига биноан жиноий иш қўзғатилган. Текширув давомида, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Кўприкқурилиш” трести 67-сонли кўприк қурилиш экипажи бошлиғининг ўринбосари (қурилиш учун масъул) О. Алимов, отряд бошлиғи С. Бобожонов, қурилиш ишлари бўйича отряд бригадаси С. Ашуров, “Тошкент метрополитени” УКнинг Метрополитен линияларини қуриш дирекцияси ишлаб чиқариш бўлимининг қурилиш-монтаж ишларида катта инспектори Б. Муҳаммадраҳимовлар 257-модданинг 2-қисми “а” ва “б” бандларида, 258-модданинг 2-қисм алоҳида инобатга олинган белгилар мавжудлиги аниқланган. Шу билан бирга, улар илгари судланмаганликлари ва инобатга олинган ҳолда, марҳумларнинг оила аъзолари томонидан эътирозлар мавжуд эмаслиги шунингдек, ижобий тавсифномаси инобатга олиниб, юқорида қайд этилган шахсларга нисбатан жиноий иш тўхтатилган.
LiveБарчаси