Йўловчи самолёти Виктория кўлига қулаб тушди (видео)

Олам

image

Бугун, 6 ноябрь куни Букоба (Танзания) шаҳрининг аэропортига қўнмоқчи бўлган йўловчи самолёти Виктория кўлига қулаб тушди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, ҳозиргача самолёт бортидаги 15 киши қутқариб олинган. Бироқ “Precision Air” авиакомпаниясига тегишли рейс бортида 49 нафар йўловчи бўлган. Ҳозирча вафот этганлар бор ёки йўқлиги номаълум.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва тасвирлардан кўринадики, самолёт деярли тўлиқ сувга чўкиб кетган, фақат унинг яшил ва жигарранг думи кўриниб тургани акс этган. 

Таъкидланишича, қутқарув қайиқлари ишга туширилган ва фавқулодда вазиятлар ходимлари самолётда қолиб кетган бошқа йўловчиларни қутқаришда давом этмоқда.

Танзаниянинг энг йирик хусусий авиакомпанияси бўлган  “Precision Air” самолёт PW 494 рейси эканлигини аниқлади ва у Букоба шаҳри аэропортига яқинлашаётганида аварияга учраганини айтган. Авиакомпания баёнотида бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Танзания Президенти Самия Сулуху Ҳасан  қутқарув операцияси давом этар экан, одамларни тинчланишга чақирган.

“Мен “Precision Air” самолёти билан боғлиқ авария ҳақидаги хабарни қайғу билан қабул қилдим. Қутқарувчилар қутқарув миссиясини давом эттираётган бир пайтда, Худодан ёрдам сўраб дуо қилиб, хотиржамликни сақлайлик”, деган Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзания Виктория кўли

Баҳолаганлар

267

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг